Алишер Навоий воизлик ҳақида

Ўрта Осиёда нутқ маданияти ва нотиқлик санъати тарихини ўрганишда Алишер Навоийнинг илмий-бадиий мероси муҳим ўрин тутади. Бу масалалар она тилига бўлган буюк муҳаббати ва эҳтиромини ўзининг бадиий ижоди билан амалда исбот қилган ва ўзбек адабий тилига асос солган мутафаккирнинг доимий эътиборида бўлганига шубҳа йўқ.

Аллома яшаган даврларда ҳозир қўлланилиб келинаётган нутқ маданияти, нотиқлик санъати, нотиқлик, нотиқ, нутқ тушунчалари нутқ одоби, воизлик санъати, воизлик, воиз, ваъз тарзида истеъмолда бўлган ва улар шоир асарлари матнида ҳам қўлланилган. Шоирнинг «Бадойиъ ул-бидоя», «Наводир ун-ниҳоя», «Хазойин ул-маоний», «Хамса», «Лисон ут-тайр» асарлари матнини кўздан кечиришдан ваъз сўзининг асосан панд, насиҳат маъноларида, воиз эса панд-насиҳат қилувчи маъносида қўлланганини кўриш мумкин:

Йиғлайин фориғ дебон ваъз ичра айлармен мақом,

Ўз фиғонидин соғинур воизи дамсард ани

(«Бадойиъ ул бидоя»).

Навоий ўлса керак пири дайр базмида хос,

Не деса десун ани ваъз ичиндаги ома

(«Наводир ун-ниҳоя»).

Сўрмоғимға келса Мажнун нетти, эй аҳли жунун,

Ваъзу панд айтиб, мени бир дам хирадманд этсангиз

(«Фавойид ул-кибар»);

Бу янглиғ чу иршод этиб ваъзу панд,

Ики олам ичра бори судманд

(«Садди Искандарий»)

каби.

Алишер Навоий воизлик санъатига муносабат билдирган ҳолатлар ҳам мавжуд. Буни мумтоз форс-тожик адабиёти классиклари ғазалларига татаббуъ қилган баъзи мисраларда учратиш мумкин. Улардан шоирнинг воизлик санъатига жиддий бир иш сифатида қараганлиги маълум бўлади.

«Татаббӯъи Хоҷа»даги мана бу:

Воиз, ин ки аз дониш панди халқ мегӯяд,

Даъваташ чу зоҳир шуд, пас далели нодонӣ.

мисраларда воизнинг ўзини билимдон қилиб кўрсатишга уриниш нодонликдан бошқа нарса эмасдир, деган мазмун бор.

Таржимаси: Воиз билимдонлигидан халққа насиҳат қилмоқчи, даъвоси аён бўлди, бу унинг нодонлигига далилдир.

Алишер Навоий ўз даврида бу санъат билан машғул бўлган кишилар ҳақида маълумотлар берганки, улар нотиқлик санъати тарихини ўрганишда ғоятда қимматли манба бўлиб хизмат қилади.

Масалан, «Маҳбуб ул-қулуб» асарининг 24-фасли «Насиҳат аҳли ва воизлар зикрида» деб номланган ва унда қуйидагилар баён этилган: «Воиз керакки, «қолаллоҳ» сўз айтса ва «қола расулуллоҳ» мухолафатидин қайтса, худо ва расул йўлиға қадам урса. Ўзи киргондин сўнгра насиҳат била элни ҳам кивурса. Юрумагон йўлга элни бошқармоқ, мусофирни йўлдин чиқормоқдур ва биёбонға кетурмак ва бодияда итурмакдур. Усрукки, элга буюрғай хушёрлиқ – уйқувчидекдурки, элга буюрғай бедорлиқ.

Уйқусида сўз деган жевлигон бўлур ва дегондек қилмоқ не дегон бўлур.

Ваъз бир муршид ва огоҳ ишидур ва анинг насиҳатин қабул этган мақбул кишидур. Аввал бир йўлни бормоқ керак, андин сўнгра элни бошқармоқ керак. Йўлни юрмай кирган итар ва ғайри мақсуд ерга етар.

Воиз улдурки, мажлисиға холи кирган тўлғай ва тўла кирган холи бўлғай. Воизким, бўлғай олим ва мутаққий – анинг насиҳатидин чиққан шақий. Улки, буюруб ўзи қилмағай, ҳеч кимга фойда ва асар анинг сўзи қилмағай. Назоирхон била сургувчи мақол – дастиёр била йирлағувчи қаввол.

Қитъа:

Воизки, дастёрсиз ўлмас сухангузор,

Анга ёроду мунга аёлғувчи ҳукми бор.

Тенгри сўзин аёлғувчи бўлмай дей олмағай,

Бир соз бўлса ҳам керак ул қилғай ихтиёр.

Ҳазрат Алишер Навоийнинг бу айтганлари Р.Расулов ва бошқалар томонидан ёзилган «Нотиқлик маданияти ва нотиқлик санъати» ўқув қўлланмасида қуйидагича изоҳланган: «Воиз Ҳақ сўзни тарғиб қилиши, Пайғамбар сўзидан четга чиқмаслиги керак, энг аввал унинг  ўзи Ҳақ ва Пайғамбар йўлига кириши, сўнгра эса насиҳат билан элни ҳам шу йўлга солиши лозим. Ўзи юрмаган йўлга элни бошламоқ – мусофирни йўлдан адаштириб, биёбонга ташламоқ ва саҳрода уни йўқотмоқдир. Ўзи мастнинг элни ҳушёрликка чақириши – уйқучи кишининг одамларни бедорликка даъват этганига ўхшаш бир нарсадир.

Ваъзхон шундай бўлиши керакки, унинг мажлисига бўш кирган одам тўлиб чиқсин, тўла кирган одам эса енгил тортиб, холи қайтсин. Воиз олим ва ҳалол иш кўрувчи бўлса, унинг насиҳатидан четга чиққанлар гуноҳкор бўлади. Агар у бошқаларга буюрса-ю, ўзи қилмаса, унинг сўзлари  ҳеч кимга таъсир этмайди ва фойда келтирмайди. Воиз билимдон, ҳалол иш кўрувчи, сидқу садоқат билан фаолият кўрсатувчи шахс бўлиши билан бирга, халқнинг руҳиятини яхши биладиган, халқнинг дарди билан яшайдиган бўлиши керак. Ана шундагина унинг ваъзига юрак-бағри ғам-аламга, дарду ташвишларга тўлиб кирган киши дардларидан фориғ бўлиб, кўнгли бўшаб, енгил тортиб чиқади. Қалбида маънавий-руҳий бўшлиқ бўлган одам эса бундай воизнинг суҳбатидан олам-олам маънавий завқ олиб, кўнгли, шуури фикрий нурга тўлиб чиқади».

Мутафаккир «Мажолис ун-нафоис» асарида Мавлоно Ҳусайн Воиз Кошифий ҳақида маълумот берган: “Мавлоно Ҳусайн Воиз – «Кошифий» тахаллус қилур, Сабзаворлиқдур. Йигирма йилға яқин борким, шаҳрдадур ва Мавлоно зуфўнун ва рангин ва пуркор воқеъ бўлубтур. Оз фан бўлғайким, даҳли бўлмағай. Хусусан ваъз, иншо ва нужумки, анинг ҳаққидур ва ҳар қайсида мутааййин ва машҳур ишлари бор ва мусаннафотидин бири «Жавоҳир уттафсирдурким, «албақара» сурасин бир мужаллад битибдурким, мунсифи қатъ била юз жуз бўлғай. Бовужуди барча хиралиқ ва донолиқ шаҳр шўхларидин бири Хожа Ҳофизнинг бу матлаъин битиб, минбарининг устиға қўйғондур, будурким:

Воизон к-ин жилва бар меҳробу минбар мекунанд,

Чун ба хилват мераванд он кори дигар мекунанд.

Олиб ўқуғач кўп мутағаййир ва музтариб бўлиб, хили хорижи мабҳас сўзлар айтиб неча вақт ваъз айтмади. Хасми номаълум худ ўз мақсудин ҳосил қилди. Аммо Мавлоно қилғонининг хато эрканига воқиф бўлғач, яна ўз иши бошиға борди. Бормаса икки хато бўлур эрди. Бок йўқдур, айбсиз тенгридур. Бу матлаъ анингдурким:

Сабз хато, зи мушки тар ғолия бар саман мазан,

Сунбули тобдодаро бар гули настаран мазан.

Манбаларда келтирилишича, Мавлоно Воиз Кошифий Алишер Навоийнинг замондоши, дўсти ва шогирди бўлган. Унинг «Футувватномаи султоний», «Ахлоқи Муҳсиний», «Жавоҳир ут-тафсир» асарлари ахлоқ-одоб масалаларига бағишланган. Яхши нотиқ бўлган. Алишер Навоий ва Ҳусайн Бойқаро асарларини халқ олдида Воиз Кошифий ўқиб берган.

Алишер Навоий устози ва пири Абдураҳмон Жомий вафотига бир йил тўлганда, унинг қабри бошида катта мақбара қурдиради, шоҳ иштирокида яна улкан маросим ўтказади. Шу маросимда устози Жомий вафотига бағишлаб ёзган марсиясини ўша даврнинг машҳур олими ва нотиғи Мавлоно Ҳусайн Воиз Кошифий ўқиб беради.

Шунингдек, шоир «Мажолис ун-нафоис» асарида Мавлоно Муин Воиз ҳақида маълумот берган: “Мавлоно Муин Воиз – Мавлоно Ҳожи Муҳаммад Фароҳиннинг ўғлидурким, машоҳирдиндур. Ҳоло ўзи дағи азим воиздур ва муридлари кўп. Минбар устида девонавор илик ташламоғи ва тахтани тепмаги кўпдур ва ўзин «Муни девона» била таъбир қилур ва кўп баланд ва паст сўзлар айтур. Чун жунунға муътариф, ҳар навъ сўз айтса маъзурдур, шеърида вазн, қофия ва радифға муқайяд эмас, эса маоф бўла олур. Бир қатла Ҳазрат Амир ул-мўъминин Алининг имони тақлидий экандур деганга, ул ҳазратнинг руҳидин ғариб сиёсат ва шиканжалар кўрди. Ҳамоноки тавба қилдиким, қутулди. Ва оғаси Мавлоно Низомиддинким, донишманд ва муттақий ва дарвеш ани деса бўлурким, икки қатла Ҳирий шаҳрининг қазосин таклиф била анга бердилар. Иккаласи қатла ўзин азл қилди. Умид улким, бу қатла қабул қилғай ва азл қилмағай”.

«Мажолис ун-нафоис» асарида Мавлоно Риёзий деган киши ҳақида ҳам маълумот берилган, унинг вилоят қозиси эканлиги, минбарда туриб ваъз айтиши, ўз шеъларини берилиб, завқ-шавқ билан ўқиши ҳақида ёзилган.

Алишер Навоий «Насойим ул-муҳаббат» асарида Яҳё Муъоз Розий ҳақида қуйидаги маълумотларни берган: «Яҳё Муъоз Розий - аввалғи табақадиндур. Кунияти Абу Закария ва лақаби Воиз. Юсуф Ҳусайн Розий дебдурки, юз йигирма шайхға етибмен ва уламо ва ҳукамо ва машойихқа мушарраф бўлубмен. Яҳё Муъоздин сўзга қодирроқ кўрмаймен.

Алишер Навоий «Вафқия»да воизларнинг давлат томонидан рағбатлантирилгани ҳақида ёзади: «Воизға йиллиқ нақда беш юз олтун, буғдой ўн юк».

Шоир асарларидан воизлик санъатига доир қўшимча маълумотлар ҳам олиш мумкин бўлади. Унинг «Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер» асарида Саъдий Шерозийнинг номи тилган олинган. Саййид Ҳасан Ардашернинг маснавий бобида Шайх Саъдийга ихлосмандлиги ҳақида ёзилган ўринда асарни нашрга тайёрловчилар томонидан қуйидаги изоҳ келтирилган: «Саъдий Шерозий – Муслиҳуддин Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибни Мушрифуддин (1203, Шероз – 1292, ўша шаҳар) форс шоири, адиби ва мутафаккири. Дастлабки таҳсилни Шерозда олади ва Эрон мўғуллар томонидан забт этилгач, Бағдодга бориб, «Низомия» ва «Мустансирия» мадрасаларида ўқийди. У ерда араб тили ва адабиёти, Қуръони карим, Ҳадиси шариф ва тасаввуфни ўрганади. Саъдий Шарқ мамлакатлари бўйлаб 20 йил сафар қилади. Сафарда у асосан воизлик қилади, ваъзларида ахлоқу адаб, ҳикмат, ҳаётий масалалар юзасидан мароқли ҳикоятлар келтиради. Саъдий «Гулистон», «Бўстон», лирик шеърлар – девон муаллифидир» каби.

Алишер Навоий асарларидан келтирилган бу маълумотлар улуғ шоирнинг тил ва нутқ маданиятига, ундан маҳорат даражасида фойдаланган нотиқларга бўлган муносабатининг яққол далилидир. Унинг ўзи ҳам йирик давлат ва жамоат арбоби сифатида халқ олдида мунтазам чиқишлар қилиб, она тилидан фойдаланиш ва нотиқликнинг олий намунасини кўрсатди. Алломанинг халқимизга ёд бўлиб кетган «Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз», «Сўзни кўнгилда пишқармагунча тилга келтирма, Ва ҳар неким, кўнгилда бор – тилга сурма», «Маъдани инсон гавҳари сўз дурур, Гулшани одам самари сўз дурур», «Кўп демак сўзга мағрурлик, Ва кўп емак нафсга маъмурлик», «Тил мунча шараф бирла нутқнинг олатидур ва ҳам нутқдирки, гар нописанд зоҳир бўлса, тилнинг офатидур» каби афоризмлари бизга ҳамон она тилимизни улуғлашнинг ёрқин намунаси сифатида беминнат хизмат қилиб келмоқда.

Суюн КАРИМОВ,

СамДУ профессори.