“Алло, менга газ баллон керак...”. Йилнинг ўтган чорагида шундай мазмунда 839 та мурожаат қилинган

Бу мурожаатлар ижроси қандай бажарилган? Бу фуқароларга газ баллон вақтида етказилганми?

2021 йилнинг биринчи чорагида “Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиалининг мурожаатлар билан ишлаш бўлимига Президент виртуал қабулхонаси, Халқ қабулхонаси, “Hududgazta’minot” AЖ "Ишонч телефони" ва бошқа манбалар орқали 839 та маиший газ баллон сўралган мурожаатлар келиб тушган.

Уларнинг 547 таси қаноатлантирилиб, 292 тасига мутахассислар томонидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.

Фуқаролардан келиб тушган ҳар бир мурожаат филиал томонидан қаттиқ назоратга олинади ва қонун доирасида ижобий ҳал этишга ҳаракат қилинади. Ўтган чорак давомида вилоятда аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш даврийлиги 40-45 кунни ташкил этди. Аммо шунга қарамай, маиший газ баллон сўраб мурожаат қилганлар сони кўпчиликни ташкил этмоқда.

- Аҳолидан маиший газ баллон сўраб қилинган мурожаатларни ўрганиш чоғида уларнинг кўпчилиги уйларида бўлмаганлиги сабабли, маиший газ баллонларини алмаштириб қолишолмаганини таъкидлашади, - дейди «Hududgaz Samarqand» газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Зариф Санақулов. - Ёки маҳаллага газ баллон келганида, айрим хонадонларда истеъмолдаги маиший газ баллонидаги маҳсулот тугамаганлиги сабабли, алмаштиришнинг имкони бўлмаган. Биз бу каби ҳам мурожаатларни қаноатлантирдик. Айрим истеъмолчилар иккинчи газ баллон сўраб мурожаат қилишганида битта истеъмолчига битта газ баллон берилишини тушунтирамиз. Газ баллонларнинг алмаштириш тизими “айланма” тара усулда ташкил этилганлиги, бўшаган газ баллонга янги тўлдирилган баллон берилишини айтамиз.

Суюлтирилган газ тизимига аъзо бўлишни сўраб қилинган мурожаатларга, зарур ҳужжатлар рўйхати тақдим этилди.

Шунингдек, биринчи чоракда филиал мутахассислари томонидан вилоятдаги табиий газ истеъмолчилари  хонадонларидаги эски печлар, замонавий тежамкор газ ускуналарига алмаштириб келинмоқда.

Жумладан, Самарқанд шаҳрида 1089 та, Булунғур туманида 89 та, Жомбойда  117 та, Иштихонда 101 та, умуман, вилоят бўйича жами 3 769 та замонавий тежамкор газ ускуналари ўрнатилди.  

“Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали ахборот хизмати.