Америкалик мутахассисдан тажриба орттирган 40 нафар ўқитувчига сертификат топширилди

“Ўқитувчи доим ўзини келажакка дахлдор инсон сифатида англаши ва шунга муносиб изланишда, ҳаракатда бўлиши лозим. У изланишдан тўхтаб қолиши мумкин эмас. Тўхтаса, унинг фани, ҳар бир ўтган мавзуси ўқувчи учун аҳамиятини йўқота бошлайди. Оқибатда ўқувчининг энг севган фанига ҳам қизиқиши сўнади, ўрганишга интилиши йўқолади...”
Бу АҚШнинг Вермонт штати Charlotte Central мактаби ўқитувчиси Аллан Миллернинг фикрлари.
АҚШлик мутахассис Халқ таълими вазирлигининг таклифига биноан Самарқанд вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказида жорий йилнинг 28 январидан 7 март кунига қадар самарқандлик ўқитувчиларга таълимда STEAM ёндашув ва халқаро баҳолаш дастурлари бўйича маҳорат дарслари ўтди.
Маҳорат дарслари, семинар-тренинглар фақат ҳудудий марказнинг ўзида эмас, балки туманлардаги умумтаълим мактабларида ҳам ташкил этилди. Унда вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказининг профессор-ўқитувчилари ҳамда методистлар фаол иштирок этиб, STEAM ёндашув асосида дарсларни ташкил этиш бўйича тажриба алмашди.
Жорий йилнинг 6 март куни Аллан Миллернинг семинарлари якунланди. Унинг маҳорат дарсларида фаол иштирок этиб, билимларини оширган 40 нафар ўқитувчига сертификатлар топширилди.
Ушбу маросимда Самарқанд вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази директори А.Ибрагимов сўзга чиқиб, америкалик мутахассисга чуқур миннатдорлик билдирди.
Самарқанд вилояти ХТХҚТУМО ҳудудий маркази ахборот хизмати.