Амир Темурдан мерос қолган анжирзорлар, қуёш панеллари ёрдамида суғорилаётган боғлар, водий тажрибаси асосидаги узумзорлар
"Ўзагроинспекция"нинг вилоят бошқармаси томонидан ташкил этилган пресс-турда журналист ва блогерларга қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ана шундан янги лойиҳалар бўйлаб таништирув ўтказилди.
Дастлаб Самарқанд шаҳридаги Боғибаланд маҳалласида жойлашган анжирзор хўжаликларида бўлдик.
Бу ерда жами 53 гектар анжирзор фуқароларга бўлиб берилиб, оилавий тарзда меҳнат қилинади. Айтилишича, Иштихон, Оқдарё, Жомбой, Пайариқ туманларида ҳам шундай анжирзорлар мавжуд ва ҳосилдорлиги ҳам паст эмас, бироқ мазаси борасида Боғимайдон анжирлари пешқадам ҳисобланади. Бунинг сабаби нимада?
- Тарихий манбаларда ёзилишича, Амир Темур бобомиз Чўпон ота ҳудудидаги ерларда боғлар, хусусан, анжирзорлар ташкил этишни мақсад қилган, лекин шу атрофдаги анжирзорлар ичида Боғибаландда анжир анча яхши самара берган, - дейди боғбон Абдуҳалим Рашидов. – Сабаби, бу ердан 1 километр наридан Зарафшон дарёси оқиб ўтади, ҳудуд баландда жойлашган, ҳавоси тоза, анжир бундай муҳитда яхши ривожланади. Шунинг учун ҳам бу мевани жаннат меваси деб таърифлашади. Июлдан октябрь ойигача пишадиган анжирзорга хорижлик сайёҳлар келиб олиб кетишади, фуқароларимиз хориждаги яқинларига жўнатишади. Лекин анжирзорда фойда олишдан кўра авлодларга қадимий боғни сақлаб қолиш мақсадида парваришлаймиз.
Кейинги манзилимиз Жомбой туманидаги “Оҳалик олтин боғлари” масъулияти чекланган жамиятига қарашли далалар бўлди. Туманда жамият тасарруфидаги 900 гектар майдоннинг сув чиқариш мушкул бўлган 100 гектар кўчатчилик хўжалиги бор. Бу ерда жамият томонидан 2017 йилда Хитойда ишлаб чиқарилган қуёш панеллари ёрдамида майдонлар томчилатиб суғорилади. 220 дона қуёш панеллари ёрдамида бир кунда 35 гектаргача майдонни суғориш имконияти яратилган. Ушбу технология ёрдамида ўғитлар ҳам сув билан биргаликда кўчатларга юборилиши туфайли харажатлар ҳам сезиларли камаяди, даромад юқори бўлади. Ушбу воситалар туфайли йилига 2 миллион тупдан ортиқ кўчат тайёрланмоқда.
Тумандаги яна бир янгича ёндашув – водий услубида узумзор ташкил этган боғбонлар ҳам ердан унумли фойдаланмоқда ва харидоргир маҳсулот тайёрлашмоқда. “Гулнигор нурли даласи” фермер хўжалигида 2012 йилда водий тажрибаси асосида узум етиштириш йўлга қўйилганди. Орадан 5 йил ўтиб 3 гектар майдондаги кўчатлар тўлиқ ҳосилга кирди. Меҳнат натижасидан илҳомланган фермер Олим Маматқулов яна 5 гектар майдонда шундай узумзор ташкил этди. Асосийси, бу боғларда узумга ишлов бериш осон ва қадоқлашдан тортиб маҳсулот харидор қўлига етиб боргунча назорат қилиш имкони бор. Ҳозирда гектаридан олинаётган 30 тоннага узум маҳсулотлари асосан ички бозорга йўналтирилмоқда.
Ўктам Худойбердиев,
Бахтиёр Мустанов олган суратлар.