Андижонлик пахтакорлар пахта топшириш режасини бажаришди
Андижон вилояти пахтакорлари жорий йил учун белгиланган пахта топшириш шартномавий режасини муваффақиятли бажарди. Вилоят пахтакорлари давлат қабул пунктларига 240 минг 800 тоннадан ортиқ пахта хом ашёси етказиб берди. Ҳосилнинг асосий қисми юқори навларга сотилди.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида кластер тизимининг жорий этилаётгани қисқа фурсатларда ўз самарасини берди. Жорий йилда Андижон вилоятининг тўққизта туманида ана шу тизим асосида иш ташкил этилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу йил ёзнинг иссиқ келгани, қолаверса, деҳқонларнинг зарур агротехник тадбирларни ўз вақтида, сифатли бажарганликлари, энг асосийси, ерга меҳр бериб, сидқидилдан иш олиб боргани туфайли вилоятдаги аксарият фермер хўжаликларида пахтадан мўл ҳосил олинди.
Андижонликлар ушбу натижа билан тўхтаб қолмайди. Далаларда ҳосил ҳали мўл. Етиштирилган пахта ҳосилини охирги мисқолигача йиғиб-териб олиш учун бор имкониятларни ишга солади.