АҚШ Ўзбекистон ва Тожикистонга афғонистонлик ҳарбийлар олиб қочган  элликта самолётини бермоқчи

Қўшма Штатлар Афғонистондаги террорчиларга қарши курашда ёрдам эвазига Ўзбекистон ва Тожикистонга 50 га яқин ҳарбий самолётлар бериш имкониятини кўриб чиқмоқда, деб ёзади Politico.

Пентагон мулозимига кўра, Вашингтоннинг мақсади Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматларига чегараларни ҳимоя қилиш ва терроризмга қарши кураш нуқтаи назаридан самолётлар беришдир.

“Мудофаа вазирлиги ҳозирда ҳеч қандай мақсадда АҚШ ҳарбий кучларининг Марказий Осиёда бирон-бир таянч ёки доимий бўлишига интилмаяпти”, - деди Пентагон матбуот котиби Роберт Лодвик.

Politico нашрининг аниқлик киритишича, гап Афғонистон Ҳарбий-ҳаво кучлари учувчилари Кобулни Толибон томонидан ўтган йил ёзида қўлга киритгандан сўнг Ўзбекистон ва Тожикистонга етказиб берган 46 та самолёт ҳақида кетмоқда.

Нашрнинг ёзишича, етказиб берилган машиналар орасида C-208 самолётлари, А-29 Super Tucano енгил ҳужумчи самолётлари, шунингдек, Ми-17, Ми-25 ва UH-60 Black Hawk вертолётлари бор.