АҚШ Сенати Финландия ва Швециянинг НАТОга киришини маъқуллади
АҚШ Сенати Финландия ва Швециянинг Шимолий Атлантика алянсига қўшилишини ратификация қилиш учун овоз берди.
Шундай қилиб, 100 сенатордан 95 нафари ушбу давлатларнинг НАТОга аъзолигини қўллаб-қувватлади, бир нафари қарши овоз берди. Сенатнинг розилигини олиш учун камида 67 овоз керак эди. Овоз бериш жараёни Сенат сайтида трансляция қилинди.
“Сенат икки партиявийлик асосида ягона фикр билан чиқади ва авторитаризм кучаяётган шароитда Ғарб иттифоқини мустаҳкамлайди”, деди овоз беришдан олдин Сенатдаги кўпчилик етакчиси Чак Шумер.
Июль ойида АҚШ президенти Жо Байден Финландия ва Швецияни НАТОга қабул қилиш тўғрисидаги протоколларни Сенат тасдиқлаши учун юборган. Америка қонунчилигига кўра, ратификация жараёни мамлакат президенти томонидан амалга оширилади ва Сенат бунга розилик беради.
Кейинроқ АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси Финландия ва Швециянинг НАТОга киришини қўллаб-қувватловчи резолюцияни маъқуллади.
Финландия ва Швеция барча аъзо давлатлар қўшилиш протоколларини ратификация қилгандан сўнг расмий равишда НАТО аъзоси бўлади. Альянс бош котиби Йенс Столтенбергнинг қайд этишича, жараён бир неча ой давом этиши мумкин. Финландия ва Швециянинг НАТОга қўшилиши ҳақидаги ҳужжатлар аллақачон альянсга аъзо 30 та давлатдан 23 таси парламенти томонидан ратификация қилинган.
Икки мамлакат 18 май куни НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширган эди. Аризаларни муҳокама қилиш Туркия томонидан блокланганди, бироқ кейинчалик эътирозлар қайтариб олинган. 29 июнь куни альянс раҳбарияти мамлакатларни иттифоққа таклиф қилишга қарор қилди.