АҚШнинг Афинадаги элчихонасига “молотов коктейллари” билан ҳужум уюштирилди

Чоршанба куни тунда намойишчилар ва полиция ходимлари ўртасида АҚШнинг Афинадаги (Греция) элчихонаси ёнида тўқнашув юзага келди. Бу ҳақда Грециянинг ERT телеканали хабар берди.

АҚШда вафот этган афроамерикалик Жорж Флойд ўлимига қарши намойишлар парламентдан ташқари, “Антарсия” ва “Халқ бирлиги” партиялари томонидан уюштирилди. Маълумотга кўра, намойишда бир неча минг одам иштирок этган.

Норозилик намойиши тинч ўтаётган бир вақтда бир гуруҳ ёш намойишчилар Америка элчихонаси ёнида турган полиция ходимларига қарата тош ва шишага солинган ёнувчи моддалар (“молотов коктейли”) улоқтиришни бошлаган.

Бунга жавобан полиция ходимлари ёшлантирувчи газ қўллашган. Ёш намойишчилар бир қанча жойнинг аланга олишига сабаб бўлган. Айни вақтда элчихона ёнидаги вазият назоратга олингани ва автомобиль қатнови тиклангани ҳақида хабар қилинмоқда.