Аслида “мусорчи” дейишга уялиш керак

Талабаман. Оралиқ назорат бўлгани учун бироз барвақтроқ ўқишга отландим. Эрталаб бекатга келдим. Атрофга назар солдим - фақат биргина кишига кўзим тушди. У ободонлаштириш ходими -  бекат атрофи, кўча четларини супуриш билан овора аёл.

Аёл кўча четига ташлаб кетилган писта пўчоқлари-ю, ичимлик идишларини тозалаяпти. Сўнгра бекат атрофини супурди. Ўйлаб қоламан: буларни ташламасак унинг юмуши бироз камаярмиди. Шу вақт автобус келди...

Хаёлларим ҳамон совуқда шаҳар тозалигини, ободлигини таъминлаётган  ходимларда.

Афсуски, уларнинг заҳматли меҳнатини қадрламаймиз. Наинки қадрламаймиз, балки баъзан уларга нисбатан паст назар билан ҳам қараймиз. Бу гапни бежиз айтмадим.

Яқинда хиёбон бўйлаб ўқишга кетаётгандим. Атрофимда кетаётган ота-боланинг суҳбатига бехос гувоҳ бўлдим. Бола отасидан сал нарироқда хазонларни супураётган, чиқиндиларни халталарга жойлаётган ободонлаштириш ходимини кўрсатиб, унинг касбини сўради. Ота эса аёлга қаради-ю, фарзандига “Уми? У мусорчи”, дея жавоб берди. Бу гап ўша аёлга ҳам эшитилди. Аёлнинг юзи қизариб, бошини ерга қаратганча, рўмоли билан тўсиб юмушини бажаришда давом этди.

Хўш сизнингча хақиқий «мусорчи» ким? Атрофимиз озодалиги йўлида ҳали қуёш чиқмасдан, қишнинг совуғию, ёзнинг жазирамасида ҳалол меҳнати билан пул топаётган инсонларми ёки атрофга ҳар хил чиқиндиларни ташлаб кетадиган сизу-биз, одамларми?

Аксарият мамлакатларда бу касб эгаларига иш ҳам қолмаяпти, десам ишонасизми? Масалан, Япония. У ерда бу касб эгаларига деярли иш йўқ. Япон мактабларининг кўпчилигида фаррошлар ишламайди, ўқувчилар дарсдан кейин гуруҳларга бўлинган ҳолатда синфхонани, йўлаеларни, ҳожатхонани тозалайди. 12 йиллик мактаб даврида тозалик вақти - ўқувчилар ҳаётининг ажралмас қисми бўлиб келмоқда. Япония кўчаларида сайр қилиб юрган саёҳатчилар атрофнинг тозалигидан ҳайратга тушишар экан. Уларнинг тарбиясига сингдирилган жиҳат шуки, атроф-муҳит учун фақатгина тозалик ҳодимлари эмас, балки барча бирдек жавобгар. Япон халқининг ёшу қариси атрофда кўринган чиқиндини ҳеч иккиланишсиз тозалаб кетаверади, улар учун бу шараф.

Биз ҳам бугун тозалик, озодалик борасида япон халқидан ўрнак олишимиз керак, чамамда.

Сурайё Холбоева.