Аукционлар тарихида энг қиммат сотилган антиқа буюмлар

Аксарият одамлар антиқа буюмларда бевосита ўтмиш билан боғлиқ ҳисобланадиган алмисоқдан қолган нарсаларни кўришади. Бироқ ҳақиқий санъат ихлосмандлари бошқача фикрда. Улар учун қадимий экспонатлар бебаҳо. Шунга қарамай, кимошди савдосида ҳар бир қадимий буюм ўзига хос баҳо билан белгиланади. Ашаддий коллекционерлар тарихнинг маълум бир қисмига эгалик қилиш учун бутун бир бойликни беришга тайёр. Бугун аукционларда сотилган энг қимматли экспонатлар билан танишамиз.

Наполеон шамшири

Олдида қандай жанг турган бўлишидан қатъий назар – Бонапарт ўзининг шахсий арсеналида доимо тўппонча ва қилич олиб юриш одатига содиқ қолган. Шамшир олтин билан безатилган бўлиб, махсус Наполеоннинг ўзи учун қилинган эди, шу сабаб дунёда Бонапартлар оиласида авлоддан-авлодга ўтиб келган фақат битта бундай экспонат бор. 1978 йилда қилич Франциянинг миллий бойлиги сифатида тан олинди. Тахминан ўттиз йил ўтгач, тарихий асар кимошди савдосида 6,5 миллион долларга сотилди.

Қимматбаҳо тошлар билан безатилган Тиара (Олтин тож)

Тиаранинг ўзига хослиги - заргарлик буюмидаги қимматбаҳо колумбия зумради ва сарғиш-яшил олмосларнинг борлигидадир. Беш юздан ортиқ каратли аъло даражадаги экспонат немис маликаси Катарина Ҳенкел фон Доннерсмаркка тегишли эди. 2011 йилда у кимошди савдосида 12,1 миллион долларга сотилди.

Мин сулоласининг олтин учоёғи

Соф олтиндан ясалган учоёқ бизнинг давримизгача етиб келган Мин сулоласига тегишли бўлган экспонат. Уни 1399 йилда ҳукмронлик қилган император Сюаньде саройида ўчоғ сифатида (баъзи бир манбаларда уч оёқли курси, ўчоғ ҳам дейилган) фойдаланилган. 2008 йилда олтин учоёқ 14,8 миллион долларга сотилди.

Олифант жанговар бурғуси

Фил суягидан қилинган бу қадимги экспонат ов мавзусида ўйилган тасвирлар билан безатилган. Бугунги кунда бундай тарихий қийматга эга буюмнинг атиги 6 та намунаси бор. Скандинавиядаги аукционда битта олифант 16,1 миллион долларга сотилди.

Людовик XVнинг кумуш товоғи

1733 йилда шахсан Франция қироли Людовик ХV учун ясалган кумуш товоқ Sotheby’s кимошди савдосида 10 287 500 долларга сотилди. Бу буюм мўъжизавий тарзда қайта эритилишларни четлаб ўтган. Ушбу буюмнинг якуний баҳоси дастлабки нархдан анча юқори бўлиши мумкин эди, бироқ юқорида кўрсатилган нархда сотилиб, 1996 йилда у аукционни тарк этган.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.