Автобус сўраган фуқароларнинг мурожаатига рад жавоби берилди. Нега?

Фото:repost.uz

«Зарафшон» газетаси таҳририятига шу йилнинг 26 февралида Самарқанд тумани Рустам маҳалласида истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролардан ҳудудга қатновчи 101-йўналишдаги автобусни узайтириш бўйича шикоят хати келганди. Унда жумладан, шундай дейилади:

«Биз яшайдиган Самарқанд тумани Рустам маҳалласи аҳолиси зич жойлашган. Бугунги кунда бу ерда 6100 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Маҳалламиз Самарқанд шаҳрига жуда яқин. Шу боис маҳалламизнинг аксарият фуқароси Самарқанд шаҳрида жойлашган корхона-ташкилотларда ишлайди. Фарзандларимиз шаҳардаги мактабгача таълим муассасалари, умумий ўрта таълим мактаблари, коллеж ва лицейлар, олий ўқув юртларида таҳсил олиб келмоқда.

Аммо маҳалламизнинг ярмидан зиёд қисмида транспорт хизмати ҳозирги замон талаблари асосида йўлга қўйилмаган. Бу эса аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Шундан келиб чиқиб, транспорт соҳасида мавжуд муаммолар тўғрисида вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларига, Ўзбекистон автомобиль транспорти вазирлиги Самарқанд вилоят бошқармасига мурожаат этдик. Аммо мурожаатларимиз атрофлича ўрганилмасдан келмоқда.

Шунинг учун муаммомизни газетада ёритишларингизни ва 101-йўналишли автобус қатновини “Сиёб деҳқон бозори”гача узайтиришга, шунингдек, Самарқанд шаҳрининг “Сиёб” автобошбекатидан шаҳарнинг турли йўналишларига қатнайдиган 73, 74, 91, 92-автобуслардан бирининг Рустам маҳалла фуқаролар йиғинига қатновини йўлга қўйишга амалий ёрдам беришингизни сўраймиз».

З.МАЪРУПОВА,

О.АҲМЕДОВ,

Д.ҚУРБОНОВ, жами 17 имзо.

***

Ушбу хатни Ўзбекистон автомобиль транспорти вазирлиги вилоят бошқармасига  юбордик ва қуйидаги жавоб хатини олдик:

“Самарқанд тумани Рустам маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи З.Маърупова ва бошқаларнинг «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари бирлашган таҳририятига йўллаган шикоят хатини ўрганиб, қуйидагиларни маълум қиламиз:

101-рақамли “Ипак йўли бозори – Навобод маҳалласи” Самарқанд шаҳар автобус йўналишида 6 та автобус, 203-рақамли «Сиёб» автобошбекати – Хўжа Кавшер» йўналишида 25 та, 456-рақамли «Хумдон қишлоғи – Сартепа максани» йўналишида 26 та «Дамас» русумли автотранспорт воситалари йўловчиларга хизмат кўрсатиб келмоқда.

Шу боис 101-рақамли “Ипак йўли бозори – Навобод маҳалласи” автобус йўналишини «Сиёб бозори»гача ёки ҳозирги кунда “Сиёб” автобошбекатигача ҳаракатланаётган 73, 74, 91-рақамли автобус йўналишларини Рустам маҳалла фуқаролар йиғинигача узайтириш банк кредитлари асосида олиниб, йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланаётган бошқа бир қанча (12, 44, 64, 71, 1, 8, 9, 67, 66, 70, 41) шаҳар автобус йўналишларининг самарадорлигига жиддий салбий таъсир кўрсатишини ҳисобга олиб, мақсадга мувофиқ эмаслигини билдирамиз”.

И.ҲАМРАЕВ,

Ўзбекистон автомобиль транспорти

агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи.

***

Бундан кўриниб турибдики, Самарқанд туман “Рустам” маҳалла фуқароларининг мурожаати яна очиқ қолмоқда.