Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Автобусларда қачон 100 сўм қайтим қайтарилади?

18 июль куни “Zarnews.uz” телеграм канали ва сайтида “Автобусларда 100 сўмдан уриб қолиш қачонгача давом этади?” сарлавҳаси остида мақола чоп этилди.

Вилоят транспорт бошқармасида мақолада айтилган салбий ҳолатларнинг олдини олиш ва  юзага келаётган муаммоларни бартараф қилиш мақсадида йиғилиш ўтказилди. Унда Самарқанд шаҳрида автотранспорт соҳасида фаолият олиб бораётган 18 та тадбиркорлик субъектларининг раҳбарлари иштирок этди.

Унда қайтим ва йўл паттасини ўз вақтида бериш билан бирга ниқоб тақмаслик, белгиланган меъёрдан ортиқ йўловчи олиш, дезинфекция ишларига эътиборсизлик масалалари кўриб чиқилди. Йўл қўйилаётган камчиликларнинг охири қандай оқибатларга олиб келиши юзасидан қатъий огоҳлантиришлар берилди. Ҳаттоки, кўпчилик учун арзимасдек туюлган масала – йўловчи томонидан тўланган йўл ҳақи учун 100 сўмлик қайтим ва паттанинг берилмаслиги ҳам жиддий ҳуқуқбузарлик эканлиги айтиб ўтилди. Эндиликда ҳар бир мурожаат тегишли тартибда ваколатли давлат органлари билан ҳамкорликда ўрганилиши маълум қилинди.

Ҳар бир автокорхона раҳбари Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 июлдаги “Автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш юзасидан давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш” тўғрисида қарорига сўзсиз риоя қилиши лозимлиги, акс ҳолда суд органларига тегишли тартибда тақдимнома киритиш орқали лицензияси бекор қилинишидан огоҳлантирилди.

Йиғилишда бошқарма инспекторларига вилоятдаги барча йўловчи ташиш транспорт воситаларини қаттиқ назоратга олиш вазифаси юкланди. Айниқса, шаҳар автобус йўналишларида ҳаракатланувчи автобусларнинг хизмат сифатини танқидий ўрганиб чиқиш, тендер талаб ва шартларига риоя қилмаган автокорхоналарда аниқланган камчиликларни тегишли тартибда кўриб чиқишлик ва ҳуқуқий баҳо бериш учун ваколатли органларга тақдим қилиш лозимлиги уқтирилди.

Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати.

***

P/S:  Тадбиркорлар ва ҳайдовчилар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилаётгандир, аммо транспорт билан боғлиқ шу ва бошқа муаммоларга ечим бўлмаяпти-ку. Тушунтириш, тарғибот тадбирларининг натижаси қачон кўринади? Автобуслар йўналишларидаги тартибсизликни қўя турайлик, қачон йўловчига 100 сўм қайтим қайтарилиши кафолатланади? Бунинг учун аниқ таклиф, режа, амалий иш борми? Айтинг, қачонгача шу каби муносабатлар билан чекланамиз?..