Автомобиль «темир қотил»ми?

“Автомобиль бисот эмас - ҳаракатланиш воситаси” дейилган эди бир машҳур асарда. 1931 йилда рус ёзувчилари Ильф ва Петров томонидан илк автомобиль намуналари кўчаларда пайдо бўлгандаёқ пиёдаларнинг кейинги тақдири эҳтимолий хавотирга олинган эди. Орадан салкам бир аср ўтиб, бу хавотир чинакам хавфга, восита эса «темир қотил»га айланди.
Шу йил 26 январь куни Президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ана шу ҳаёт-мамот масаласига, кундан кунга қурбонлари сони ошиб бораётган йўлдаги авариялар мавзусига алоҳида эътибор қаратилди.
«Бир муҳим масалага барчанинг эътиборини қаратмоқчиман. Умуман, ҳайдовчилик гувоҳномасини ўқимасдан олиш оддий ҳолга айланиб қолди. Шунинг учун авариялар сони соат сайин ошиб бормоқда», дея таъкидлар экан, давлатимиз раҳбари бу муаммони бартараф қилиш учун мутасаддиларга, аввало, ўқитиш тизимини тубдан такомиллаштириш, иккинчидан, ўқитмасдан ва ўргатмасдан гувоҳнома бериш «жинояти»га қарши жазони кучайтириш бўйича қонунчиликка қўшимча киритиш юзасидан таклиф тайёрлашга топшириқ берди.
Албатта, мутасаддилар ўз вақтида бу ҳолатлар бўйича тезкор чоралар кўради, деб умид қиламиз. Муаммоли бўлган мазкур масалаларда шу қадар чалкашликлар борки, унга ечим топиш осон бўлмаса керак. Мисол учун, ҳозир нима кўп - «права» берадиган автомактаблар кўп. Энди тасаввур қилинг, ўқувчини минг чорлов билан жалб қилиб, пулини олаётган автомактаб қандай қилиб уни «вождение»га мажбурлай олади. Агар қатъий талаблар қўйилса, бошқа келувчи ўқувчилардан айрилади. Камига ҳар бир ўқувчи бу ерга ўзи шарт қўйиб келса. Шу ўринда автомактабларнинг нуфузи ҳам ўша мижозлар қўядиган «шарт» асосида, яъни ҳайдовчилик гувоҳномасини тезроқ бериш, дарсга кам чақириш (ёки умуман қатнашмаслик), нарх арзонлиги борасидаги тафовутлар асосида табақаланади.
Қолаверса, ҳар бир мактаб имтиҳон олувчилар билан «ош-қатиқ» бўлиб кетган. Яна бир қизиқ жиҳати, уларнинг жойларда ўзига хос агентлари ҳам бўлиб, умумтаълим мактабларидан тортиб, устахоналар, машина бозорлари-ю бошқа турли жойларда тарғибот билан шуғулланади. «Права» берувчилар бўлғуси «шумахер»га ҳужжатни бошқалардан тезроқ бериш, ортиқча қийнамаслик ва бошқа қулайликлари билан реклама қилинади. Бу соҳа шу аснода ишлайдиган бир механизмга айланиб улгурган. Шу мактабларнинг битирувчиси бўлган баъзи танишларим борки, «Д» категорияли гувоҳномаси бўла туриб, машинанинг калитини бурашниям билмайди. Энди шу каби мактаблар битирувчиларининг айримлари автомобилини «бисот» биладиган ва авайлаб бошқарадиганлар бўлса, кўпчилиги таввакалчилар.
Таассуфки, бугун магистраль йўлларда ўшалар ҳукмрон. Қоидага риоя қилиб, белгиланган тезликда ҳаракатланиб кўринг-чи, ёндан сиқиб, қувиб ўтади, камига сўкиб ҳам кетади. Тўрт «полоса»ли йўл четида пиёдалар харакатланяптими, бирор машина тўхтаб турибдими ёки кўприк устида ҳаракатланяпсизми, фарқи йўқ, улар фараларини ёқиб-ўчириб, “йўл бер” деб таҳдид қилгани-қилган. Ҳозир кўплаб авариялар айнан ўша нотўғри қувиб ўтиш (масалан, қияликка чиқишда), оралиқ масофа сақламаслик ва юқори тезлик оқибатида юз бермоқда.
Ривожланган мамлакатларда ҳайдовчи ким бўлишидан қатъи назар тасма тақиб, кейин ҳаракатланади. Машина бошқаришда қоидаларга эътибор беради. Бизда эса шу тасмани таққан ёки қоидага риоя қилган - “лаллайган”, олдидагини қувиб ўтиб тез ҳайдаган, светофордан ўтиб кетишга улгурган — “уддабурон”, деган тескари тушунча бор. Ҳарқалай ҳайдовчиларнинг аксариятида шу дунёқараш.
Шу ўринда ҳайдовчиларда, айниқса, киракашларда бир одат борки, машина ҳаракатланди дегунча телефонни қўлга олади, номер теришга эътиборини бериб, баъзан бетон тўсиққа қараб кетиб қолади. Улар учун оддий бу эрмак йўловчининг юрагини “така-пука” қилиши аниқ. Яна бир рулдан чалғитувчи ёмон эрмак — «семичка» чақиш бўлиб, кўпчилик узоқ масофага қатновчи ҳайдовчиларда бу урфга кирган. Бир сафар олис манзилга кетаётганимизда киракаш ҳайдовчи йўл-йўлакай нос капалайман деб, катта тезликда кетаётган машинани чайқатиб юборди. Бундан йўловчи хорижлик икки сайёҳ чунонам қўрқиб кетиб, ваҳима билан бақириб юборди. Камига ҳайдовчи жазирамада уларни метан шохобчасида тушириб, қанча куттирди ҳам.
Бизда ҳайдовчилар ўта таъсирчан. Рулга ўтирдими, мусиқани ёқиб, ўшанинг таъсирига тушади, машина бошқаруви ҳам шунга мослашади, йўлдаги чуқурларни «териш» илинжида қарама-қарши йўналишда ҳам ҳаракатланаверади. Қаршисида машина кўринса, четга қочишга шошилмайди. Афсуски, бирор ҳодиса юз берса, аввало, жабрдийда йўловчи бўлади. Аксарият ҳолатларда ҳайдовчи авария вақтида ҳимояланади. Йўл-транспорт ҳодисалари статистикаси ҳам буни тасдиқлайди. Йўлдаги баъзи ҳайдовчиларга хос олифтагарчилик, ҳовлиқиш, кибр ортидан келувчи фалокат жабрини йўловчи тортади. Бирор ҳодиса юз бермаган тақдирда ҳам юқори тезлик, баъзи ҳолатлар оқибатидаги қўрқувлар ёмон касалликларга олиб келмайди, дейсизми?
Трассада таксилар доим юқори тезликда ҳаракатланади, ишонаверинг, шунча маблағ сарфлаб ўрнатилган радарларнинг уларга деярли таъсири йўқ. Қайси киракаш борки, қаерда радар бор, кўчмалари қаерда ўрнатилган, ҳаммасидан хабардор. Уларда ўзаро тизимли алоқа мавжуд.
Хўш, нима қилиш керак?
Биринчидан, Президентимиз таъкидлаганидек, ўқитиш тизимини тубдан такомиллаштириш, ўқитмасдан ва ўргатмасдан гувоҳнома бериш ҳолатларига қарши жазони кучайтириш керак.
Иккинчидан, автомактаблар лицензиясини уларнинг битирувчилари бузадиган қоидалар асосида мониторинг қилиб бориш ва шу асосда уларнинг кейинги тақдирини белгилаш лозим.
Учинчидан, ОАВда, автомактабларда, такси фаолиятини йўлга қўйган фирмаларда, ўқув юртларида, масжиддаги маърузаларда ҳам имкон қадар ўша «шумахер»ларнинг психологиясини ижобий тарафга ўзгартирадиган тарғибот олиб бориш ва улар онгида «намунали ҳайдовчи» феноменини яратиш шарт.
Тўртинчидан, ҳайдовчиларни қисман қаноатлантирадиган тезлик меъёрини жорий этиш ва индивидуал ҳаракатдаги радарларни кўпайтириш, йўлларни талабга жавоб берадиган тарзда равон қилиб таъмирлаш албатта, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олади.
Шуҳрат Нормуродов.