Аёлга эътибор – жамиятнинг маданий даражасини белгилайди

Юртимизда аёлларга алоҳида берилаётган эътиборни шунда кўриш мумкинки, 1999 йил “Аёллар йили”, 2000 йил “Соғлом авлод” йили, 2001 йил “Оналар ва болалар” йили, 2005 йил “Сиҳат-саломатлик йили”, 2012 йил “Мустаҳкам оила йили”, 2013 йил “Обод турмуш йили” ва ниҳоят амалдаги 2016 йил “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилинишида ва шу муносабат билан амалга оширилаётган эзгу ишлар, тадбирлар замирида ҳам аёлга ҳурмат, эҳтиром, жисмоний камолоти хусусида фикрлаш, қайғуриш ҳисси борлиги яққол намоён бўлади.

2020 йил 29 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга қилган мурожаатномасида мамлакатимизда “давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш ислоҳотларнинг энг устувор йўналиши” эканини таъкидлаб, аёлларнинг давлат бошқарувидаги ўрнининг сўнгги йиллардаги ижобий ўсиш натижаларини таҳлил қилди. Президент ўз нутқида давлатимиз олдида турган “эндиги вазифа аёлларнинг жамиятдаги нуфузини оширишдан иборат” эканлигини билдирди ҳамда аёлларга янада кенг имкониятлар яратиш бўйича навбатдаги қадам сифатида аёллар муаммоларини яхши биладиган, ташаббускор аёллардан иборат Республика хотин-қизлар жамоат кенгашини ташкил этишни таклиф қилди.

Юртимизда тадбиркор ва фермер хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш борасида қўшимча кафолатлар берилди. Чунки, мамлакатимизда мавжуд бўлган тадбиркорлик субъектларининг 20 фоиздан ортиғига хотин-қизлар раҳбарлик қилмоқда.

Бугунги кунда турли даражадаги давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида шу жумладан, вазирлик ва идораларда маҳаллий ижроия ҳокимияти органларида 1500 нафардан ортиқ хотин-қиз раҳбарлик лавозимларида фаолият юритмоқда. Давлат бошқарувида хотин-қизлар иштирокини ошириш мақсадида 6 мингдан зиёд фаол хотин-қиздан иборат кадрлар заҳираси шакллантирилди. Ҳозирги кунда уларни турли раҳбарлик лавозимларига тайинлаш бўйича тизимли ўқувлар ташкил этилмоқда. Бугунги кунга қадар 577 нафар аёл “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган 150 нафар депутатнинг 48 нафари ёки 32 фоизини хотин-қизлар ташкил этди. Сенатда эса бу кўрсаткич қарийб 25 фоизга етди. Маҳаллий Кенгашлар депутатларининг 31 фоизи ҳам жонкуяр, фаол аёллардир. Ана шундай натижалар туфайли Ўзбекистон парламенти аёл депутатлар сони бўйича дунёдаги 190 та миллий парламент ўртасида 37-поғонага кўтарилди.

Демократик давлат ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш кўп жиҳатдан гендер тенгликни таъминлашга боғлиқ. Президентимиз ҳам “Бу ҳаётда нимага, қандай ютуқ ва натижаларга эришган бўлсак, уларнинг барчаси мунис ва меҳрибон оналаримиз туфайлидир. Шунинг учун биз хотин-қизларимиз олдида доимо қарздорлик ҳисси билан яшаймиз. Уларга ҳар қанча меҳр ва эътибор кўрсатсак, арзийди” деб таъкидладилар. Чунки аёл оиланинг устуни, жамиятга эса баркамол авлодни етказиб берувчи муҳтарам зотдир. Аёл қанчалик ақлли, билимли бўлса, у тарбиялаган фарзандлар ҳам ҳар томонлама баркамол бўлиб ўсади.

Дилдора СУЛАЙМАНОВА,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги Давлат бошқаруви
академияси ўқитувчиси.