Аёлларга саломатлик туҳфа этилди

Вилоят перинатал марказида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Германия ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан “Юқори технологик тиббий асбоб-ускуналардан фойдаланиш аёллар саломатлигининг гаровидир” мавзусида акция бошланди.

Икки кунлик акцияда Франциянинг CICE эндоскопик гинекология ва жарроҳлик халқаро маркази, Россия илмий тадқиқот тиббиёт университетининг юқори малакали мутахассислари, Германия халқаро алоқалар жамияти (GIZ) лойиҳаси вакиллари Самарқанд давлат тиббиёт институти профессор-ўқитувчилари ҳамда вилоятимиздаги даволаш профилактика муассасалари ходимлари иштирок этмоқда.

– Дастуримиз икки йўналишдан иборат бўлиб, гинекология соҳасида тиббий кўрик ва кам инвазив усулда жарроҳлик амалиётини ўтказамиз, – дейди Россия илмий тадқиқот тиббиёт университети профессори Л.Каппушева. – Мақсадимиз аёлларда учрайдиган гинекологик касалликларни катта жароҳатларсиз самарали даволаб, фарзанд кўришдек бахтга эришишларига кўмаклашишдан иборат. Мазкур жараёнда аёллар жарроҳлик амалиётидан кейин жуда тез тикланади. Тадбирнинг байрам кунлари ўтказилиши бежизга эмас. Инсон учун энг катта совға бу саломатлик. Бемор аёлларнинг соғлигини тиклашга ўз ҳиссамизни қўшиб, уларга байрамона кайфият улашишни мақсад қилдик.

Акциянинг дастлабки кунида 210 нафар аёллар кўкрак бези бўйича тиббий кўрикдан ўтказилди ва 7 нафар аёлда жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Бундан ташқари, онколог-маммологлар томонидан аёлларга маслаҳатлар берилди.

– Кўкрак бези саратони онкологик касалликлар ичида биринчи ўринда туради, – дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали маммологи Парвина Зарипова. – Афсуски, аёлларимиз касалликнинг иккинчи, учинчи босқичларида мурожаат қилишади. Касалликни биринчи босқичида бор-йўғи 10 фоиз аёллар пайқаб, ўз вақтида мурожаат қилади. Бу касалликни вақтида аниқлаш унга қарши курашнинг энг самарали усули. Шу боис ҳафтанинг ҳар шанба куни туманларда кўрик ўтказамиз. Касаллик илк босқичда аниқланган беморлар 90 фоиз ҳолатда соғлом ҳаётга қайтади.

Тадбир доирасида хорижлик мутахассислар томонидан маҳаллий тиббиёт ходимлари учун маҳорат машғулотлари ўтказилмоқда.

  Алишер Исроилов.