Айтишув телетанлови: Анъаналар давом этади
Бир пайтлар ҳар қандай тўй мақом йўналишида куйланадиган ашулаларсиз бошланмасди. Кейинги пайтларда тўйда бўладими, байрам тадбирларидами, бундай қўшиқлар деярли ижро этилмаяпти, десак хато бўлмайди. Радио ва телевидениеда ҳам айнан ҳамма эшитиши мумкин бўлган вақтларда, асосан, эстрада йўналишидаги ашулалар эфирга узатилади. Шунинг учун ҳам ёшларимиз эстрада хонандаларининг қўшиқларини тинглаб улғайяпти.
Ноёб маданий мерос анъаналарини давом эттирадиган мақом санъатига аҳоли, хусусан, ёшларимизнинг қизиқишини ошириш масаласи бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб. Шу мақсадда Ўзбек миллий мақом санъати маркази вилоят ҳудудий бўлими ташаббуси билан Самарқанд вилояти телерадиоканали ҳамда вилоят мусиқали драма театри ҳамкорлигида “Анъаналар этади давом” деб номланган айтишув телетанлови ўтказиляпти.
Айтишувда пастдарғомлик таниқли санъаткор Бекмурод Сафаров ҳамда оқдарёлик истеъдодли хонанда Азим Қувондиқов иштирок этади.
- Бу телетанлов илк бор 2006 йилда таниқли журналист Фармон Тошев томонидан ташкил этилган, - дейди Азим Қувондиқов. – Кейинчалик бу кўрсатувга устозимиз Бахтиёр Омонов муаллифлик қила бошлади. Орада бироз тўхталиш бўлди-да, бугунги кунда телетанлов Ўзбек миллий мақом санъати маркази вилоят ҳудудий бўлими масъуллари Абдунаби Тўхтаев ҳамда Бахтиёр Омонов томонидан яна давом эттириляпти.
Эртага, 29 март куни ўтказиладиган айтишувга қизғин тайёргарлик кўриляпти. Унда ҳар иккала санъаткор томонидан еттитадан 14 та ашула жонли ижро этилади.
Эъзоза Мейлиева,
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов.