Айтсам, дилим – айтмасам, тилим...
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганига 30 йилдан ошди. Шу давр ичида қонун ижроси борасида анча-мунча ишлар амалга оширилди. Асрлар давомидаги турли босқинлар оқибатида гоҳ араб, гоҳ форс, гоҳ рус тиллари соясида қолиб келган туркий – ўзбек тилимизни чинакам давлат тилига айлантириш йўлида бирталай амалий қадамлар ташланди.
Албатта, нечоғли муваффақиятларга эришган бўлсак, уларнинг барчаси ўзимизнинг ҳисобимиздаги ютуқларимиздир. Бироқ давр “тулпори” шунчалик тез илгариламоқдаки, кўп ҳолатларда ортидан қувиб, етиб улгуролмай қолаётганимиз яққол сезилмоқда.
Айтайлик, Ватанимиз мустақилликка эришганидан буён ўзбек тилида сўзлашувчи аҳоли жаҳон миқёсида тақрибан 50 фоизга кўпайиб, қарийб 40 миллион кишига яқинлашиб қолди. Бу эса ўзбек тили ҳам дунёнинг йирик тилларидан бирига айланди деганидир. Аммо шуни таассуф билан қайд этиш мумкинки, тилимизга муносабатимиз унинг буюк мавқеига сира-сира лойиқ эмас.
Ўзбек тилига юксак умид ва ишонч билан давлат тили мақоми берилганидан сўнг кўп ўтмай, навбатдаги дадил қадам ташланди. Яъни, лотин ёзувига асосланган истиқлол алифбосини жорий этиш ҳақидаги тарихий қонун қабул қилинди. Афсуски, ушбу қонун ижроси ҳам “Давлат тили тўғрисида”ги Қонун сингари ниҳоятда суст бажарилмоқда. Ҳатто айрим зиёлиларимиз томонидан яна кирилл ёзувига қайтиш ёки бўлмаса, янги имлони яна ислоҳ қилиш сингари ташаббус-таклифлар билдирилмоқда.
Рус алфавитига қайтишни таклиф қилаётганлар учун жавобимиз шуки, крилл ёзуви ҳам аслида лотин алифбосининг ислоҳ қилинган бир шаклидир. Агар бунга ишонмасангиз, кириллча ҳарфларга кўзгу тутиб қараб кўринг, шунда рус ёзуви ислоҳ қилинган лотин ҳарфларининг ўзгинаси эканлигига амин бўласиз. Шу маънода, кирилл ёзуви тарафдорларининг хафа бўлишларига ҳеч қандай асос ёки баҳона йўқлиги аён бўлади.
Янги имломизни қайта ислоҳ қилиш масаласига келсак, кейинги бир аср ичида ёзувимиз неча марта ўзгартирилганини бир эслаб кўрайлик. Араб алифбосини “қолоқ ёзув” дедилар. Ҳолбуки, Абу Райҳон Беруний, Ал- Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби даҳоларимизнинг мумтоз асарлари араб алифбосида эмасмиди?!
Кўп ўтмай, 1929 йилда жорий этилган лотин алифбоси ҳам кимларгадир ёқмай қолди. Бироқ рус ёзуви билан ҳам кўзланган мақсад-муддао амалга ошмади. Ватанимиз мустақилликка эришганидан сўнг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг жорий этилиши эса янги тарихий воқеликнинг ўзига хос бир нишонаси бўлди. 1995 йилда амалиётчи тилшунос – мутахассисларнинг таклифлари ҳисобга олиниб, алифбомиз сўнгги марта ислоҳ қилинди. Мана, 20 йилдан ошиқ муддат давомида ушбу алифбони болаларимизга ўргатиб келяпмиз. Аммо негадир, уни тўлиқ жорий этиш галдан-галга пайсалга солинмоқда.
2018 йил октябрь ойида Алишер Навоий номли Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида бўлиб ўтган “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини кенг жорий этиш ва янада такомиллаштириш муаммолари” мавзусидаги Республика илмий-амалий конференциясида янги имломизнинг камчиликлари ва ундаги баъзи ҳарфларни ўқиш-ёзиш ноқулайлиги ҳақидаги масала кўтариб чиқилди. Шу ўринда кишида бир савол пайдо бўлади: алифбони қулайлаштириш мумкинми? Масалан, хитой, япон ёки корейс ёзувларини қулай деб бўладими? Бошланғич синфни тамомлаётган хитойлик ўқувчи 500 дан зиёд иероглифни билиши лозим экан. Афсуски, айрим зиёлиларимиз “ноқулай” деган баҳона билан 25 йил давомида 25 та ҳарфни ўрганишга ҳафсала қилишмади. Уларнинг фикрича, “ch” ва “sh” ҳарфларини ёзиш ноқулай эмиш. Ҳолбуки, немис алифбосида битта “ч” товуши тўртта, “ш” товуши учта, “х” товуши эса иккита ҳарф билан ифодаланади. Инглиз ва бошқа халқлар алифболарида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар кузатилади. Нега улар алифболарини бизга ўхшаб, қайта-қайта ислоҳ қилмасдан, асрлар давомида бир шаклда сақлаб келишмоқда?! Бу уларнинг на ақлига, на тараққиётига, на иқтисодиётига зарар келтирмаяпти-ку!
Менимча, бу ўйлаб кўришга арзийдиган гаплар.
Худойберди КОМИЛОВ.