Давлат тилида мажбурий: истеъмолчига ижрочи ва сотувчи ҳақда маълумот бериш тартиби ўзгарди
Истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, сотувчининг истеъмолчи олдидаги масъулияти ва жавобгарлигини ошириш мақсадида қонунчиликка ўзгартиришлар киритилди.
“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонунга киритилган қўшимчаларга мувофиқ, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақидаги, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига оид маълумот истеъмолчига давлат тилида берилади.
Самарқанд вилоят адлия бошқармасига кўра, шунингдек, қонунда яна бир қатор қўшимчалар мавжуд. Жумладан, товарда (ишда, хизматда) нуқсонлар борлиги ва унинг норматив талабларга мувофиқ эмаслиги аниқланганда, сотувчи мазкур нуқсонларни аниқлаш учун текшириш ўтказиш билан боғлиқ харажатларни тўлиқ қоплаши керак.
Қонун билан товарларни ахборот тизимлари орқали савдо қилишда истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тартиби белгиланди.
Унга кўра, ахборот тизимлари орқали тузилган шартнома бекор қилинганда, сотувчи истеъмолчига товарни қайтариб бериш жойи тўғрисида хабар бериши керак.
Истеъмолчининг айбисиз етказилган шикастлантиришлар, шунингдек товарни кўздан кечириш ва уни текшириб кўриш мақсадида қадоғини очиш сабабли товар қийматининг пасайиши истеъмолчини шартномани бекор қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.
Жорий йил 18 январда Президент томонидан имзоланган мазкур қонундаги юқоридаги талаблар уч ойдан сўнг кучга киради.