Самарқанддаги беш мингдан ортиқ географик объект номи ўзгартирилди
“Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” мавзусида вилоятдаги барча туман (шаҳар)лар ҳокимларининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчилари иштирокида семинар ташкил этилди.
Ургут туманида ўтказилган тадбирда дастлаб вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси Шерали Темиров “Давлат тили ҳақида”ги қонун ижроси ва лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтиш бўйича олти ойда амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.
Ш.Темировга кўра, вилоятдаги 256 та бошқарма, ташкилот ва идоралар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидан фойдаланмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида ташкилотларда фолият юритаётган ходимларга маслаҳатчилар томонидан шу соҳадаги меъёрий ҳужжатлар мазмун-моҳияти тушунтирилиб, ҳудудларда ўрганиш ишлари олиб борилган.
Жумладан, 5052 та географик объектлар, шундан 4826 та кўча номлари, 2 та маҳалла, 2 та майдон, 5 та истироҳат боғи, 8 та зиёратгоҳ ва 209 та қабристон номларини ўзгартириш бўйича экспертиза хулосалари олиниб, улар халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши қарорлари билан тасдиқланган ва давлат рестрига киритилган. Шунингдек, тузатилиши керак бўлган 8624 та ташқи реклама воситаларидан 5477 таси бартараф этилиб, тадбиркорлик субъектларига маҳсулотларини тарғиб этишда давлат тили қоидаларига қатъий амал қилишлари тушунтирилган.
Семинар давомида маслаҳатчилар томонидан амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, жорий йилда нашрдан чиққан саккиз турдаги олти жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, икки жилдлик “Ўзбек тили синонимларининг катта изоҳли луғати”, “Ўзбек халқ сўзлари”, “Ўзбек тилининг катта имло луғати”, “Ўзбек тили фразеологик луғати”, “Ўзбек халқ паремарларининг синонимик изоҳли луғати”, “Нонвойчилик терминларининг изоҳли луғати”, “Ахборот технологиялари атамаларининг изоҳли луғати” китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.
- Мазкур китоблар Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси” томонидан тақдим этилган бўлиб, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида тартиб берилган, - дейди Ш.Темиров. - Хусусан, “Ўзбек тилининг катта имло луғати”да аввалги имло луғатларига нисбатан сўз ва терминлар кенгроқ акс эттирилган ҳамда кирилл ва лотин ёзувларидаги тафовутлар аниқ кўрсатилган. Луғатда 90 мингга яқин сўз бор. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” китоби эса олдин беш жилдда нашр этилган бўлса, ушбу нашр олти жилдда янги термин ва кенгайтмалар билан чоп этилган.
Фазлиддин Рўзибоев.