Вилоятда қарийб 4 мингта хорижий тилда ва хато битилган ташқи ёзувлар ўзгартирилди
Президентимизнинг “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, бошқарма, ташкилот, муассаса ва идораларнинг номлари, пешлавҳалар, оммавий тарғибот воситалари, эълон, реклама ва кўргазмали бошқа ахборот матнлари, иш қоғозлари ва турли бланклар давлат тилида, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ёзилишини таъминлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Республика Маънавият ва маърифат маркази Самарқанд вилояти бўлими раҳбари Фарҳод Назаровнинг маълум қилишича, Давлат тилига оид қонун ҳужжатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш мақсадида мутасадди корхона ва ташкилотлар вакиллари иштирокида ишчи гуруҳлар шакллантирилиб, ҳудудлардаги ташқи ёзувларнинг бугунги ҳолати қайси тилда ва қайси ёзув графикасида ёзилганлиги ўрганиб чиқилмоқда.
Ўрганишлар давомида йил бошидан буён 4955 та хорижий тилдаги ташқи ёзувлар (пешлавҳа, реклама ва бошқа эълон, ахборот матнлари), 2112 та хато битилган ташқи ёзувлар, 7067 та ўзгартирилиши лозим бўлган ташқи ёзувлар аниқланган.
Олиб борилган тушунтириш-тарғибот ишлари натижасида вилоятдаги 3942 та хорижий тилда ва хато билан ёзилган ташқи ёзувлар ўзгартирилиши таъминланган.