Баҳодир Шарофов: “Туркияда театрга бориш маданияти жуда юқори”

– Тунжар Жужан ўғлининг "Кўчки" асари 40 та давлатда намойиш этилган, – дея гап бошлади Б.Шарофов. – Ушбу асар воқеалари фестиваль ўтказилаётган Конья шаҳрининг Анатолий ҳудудининг шарқий томонида содир бўлганлиги спектаклга эътиборни кучайтирди.

22 апрель биз учун унутилмас кун бўлди. 500 томошабинга мўлжалланган театрга билетлар 3 кун олдин сотилганини эшитгач, спектаклга янада жиддийроқ ёндашиш ҳамда маҳорат билан ижро этиш масъулиятини ҳис қилдик.

Шу куни асар муаллифи Тунжар Жужан ўғли спектакль олдидан чиқиш қилиб, асар мазмун-моҳияти, мақсади, воқеалари ҳақида томошабинларга қисқача маълумот берди. Спектаклдан сўнг давом этган қарсаклардан ижодимизга, меҳнатимизга берилган баҳони кўрдик. Фестиваль ҳақида чоп этилган журналнинг илк саҳифасида бизнинг "Кўчки" спектаклимиздан лавҳа акс эттирилгани ҳам ижодимизга берилган эътибор белгисидир.

– Баҳодир ака, театр жамоаси фестивалдан нималарни ўрганди, умуман, бошқа давлат театрлари билан ижодий ҳамкорлик ҳам йўлга қўйилдими?

– Конья давлат театрининг ташкил топганига 20 йил бўлибди. Актёрларнинг театрга ишга кириши жуда мураккаб бўлиб, бир нечта кастингларда иштирок этиши лозим экан. Ушбу театр актёрлари роль ижросида асосий эътиборни ҳаракатга, пластикага қаратишаркан. Бу асарнинг таъсирчанлигини оширишга хизмат қилади. Театр саҳнасида кўпроқ тарихий асарлар намойиш этилиши турк халқининг ўз маданиятига, аждодларига бўлган юксак ҳурматидан далолат беради. Умуман олганда, фестиваль доирасида намойиш этилган ҳар бир спектаклдан сўнг барча ижодкорлар йиғилиб, асарни, актёрлар ижросини муҳокама қилдик. Ўргандик ва ўргатдик ҳам. Конья давлат театри раҳбари Ферди Далкелич билан ижодий ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олдик.

Шу ўринда Туркияда томошабинларнинг театрга бориш, уни кўриш маданияти жуда юқори эканини таъкидламоқчиман. Улар театр жамоасининг меҳнатини қадрлашади. Спектакль бошландими, ёқмаса ҳам тинчгина ўтириб, томоша қилади. Буни ўзимизда ҳам шакллантириш керак. Ахир театр маданият ва маънавиятимизни ўргатувчи, юксалтирувчи маскан.

– Фестивалдан кейинги режаларингиз…

– Ушбу халқаро театр фестивалидан бир олам ҳаяжон ва режалар билан қайтдик. Театримиз қошида жамоатчилик ва халқаро алоқалар бўлими ташкил этишни режалаштирдик. Республика театрлари сингари энди турк ижодкорлари билан ҳам ўзаро ҳамкорликни йўлга қўймоқчимиз. Театр ижодий муҳитини янада ривожлантириб, ўзбек маданияти ва санъатини жаҳонга танитишни ўз олдимизга мақсад қилдик.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА

суҳбатлашди.