Баҳор келди, мевали боғларни қандай парваришлаш керак?

Кўклам кириб келиши билан далалар ва боғларда халқимиз дастурхонини ноз-неъматларга тўлдирувчи мевазорларни кенгайтириш, парваришлаш масалаларига алоҳида эътибор бошланади.

Хусусан, боғларда зарарли организмларга қарши чора-тадбирларни амалга оширишда, албатта, мутахассислар кўмаги ва тавсияси муҳим. Биламизки, ҳар бир кўчатнинг характер хусусиятидан келиб чиқиб унга ишлов берилсагина кўзланган самарага эришиш мумкин.  

Баҳорнинг илк кунлариданоқ бободеҳқонга кўмакчи сифатида илмий тавсиялар ҳам асқотади. Боғларни парваришлашда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги мутахассисларининг қуйидаги тавсиялар эслатиб ўтилади.  

Ҳаво ҳарорати +5 даражадан юқори бўлганда, уруғли мева дарахтлар – олма, нок ва беҳиларни синган шох-шаббалар, нобуд бўлган пўстлоқлар ва зараркунандалар қолдиқларидан тозалаш лозим.  

Илиқ ҳаво ҳароратида данак ва уруғли мева дарахтларига шакл бериш, буташ, сийраклаштириш ишларини амалга ошириш мумкин.  

Совуққа чидамсиз бўлган данаклилар: ўрик, гилос, шафтоли, олхўри, олча, тоғолча ва субтропик ўсимликлардан хурмо дарахтларига март ойи бошидан шакл бериш, буташ ишларини олиб бориш керак.  

Касалланган ва ортиқча новдаларни кесиб олишда фойдаланиладиган боғ арраси, қайчи ва пичоқларни ҳар бир дарахтдаги новдаларни кесганда 70 фоизли этил спирти билан дезинфекция қилиш зарурлиги айтилади.  

Шунингдек, бактериал куйиш ва монилиоз билан зарарланган новдалардаги касаллик бошланган жойни 10-15 сантиметр пастки қисмидан кесиб олиб, кесилган жойга боғ суртмаси ёки мойли бўёқ суртиш муҳим.  

Зараркунандаларнинг қишлаб чиқиш даврида ҳарорат +7 даражада нефть мойли асосли препаратлар ёки унинг аналоглари билан профилактик кураш чораларини ўтказиш лозим.  

Бундан ташқари, монилиоз, клястероспориоз, калмараз ва барг бужмайиши касалликларига қарши 5 фоизли ООҚ (олтингугурт оҳак қайнатмаси) ёки 3 фоизли Бордо суюқлиги ёки 3 фоизли мис купороси ёки 2-3 фоизли темир купороси билан эрта баҳорда, куртаклар бўртишидан олдин ишлов бериш ишларини ташкил этиш яхши самара беради.  

Унутмаслик керак бўлган яна бир муҳим ҳаракат – куртаклар бўртишидан олдин ҳаво ҳарорати +10 даражадан юқори бўлганда куртаклар очилганда ва ўсув даврида 1 фоизли Бордо суюқлиги билан ишлов бериш ишларини ташкил этиш зарурий чоралар ҳисобланади, дейилади тавсияларда.

Абдулазиз РУСТАМОВ.