Боғ икки марта фермерга асосли қўшиб берилди. Аммо даъво тугамаяпти...
Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш бўйича анчагина ислоҳотлар қилинди. Боғдорчилик, деҳқончилик, чорвачилик учун ер майдонларини ажратиш тартиблари ўзгарди, деб ёзади “Жомбой тонги”.
Интенсив, замонавий технологияларни қўллаш орқали юқори ҳосил олиш, мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бирламчи вазифага айланди. Афсуски, буни етарлича англаб етмасдан, халқ қабулхонаси ва бошқа давлат идораларига такрор ва такрор мурожаат этаётган фуқаролар бор.
Шерқўрғон маҳалласида яшовчи Аслиддин Ҳайдаровнинг халқ қабулхонаси, кадастр, суд ва бошқа ташкилотларга қилган мурожаатларини бошқача изоҳлаш мумкин эмас. Фуқаро эски ҳужжатларга асосланиб, фикр юритяпти. Тушунтиришларга қарамай, давлат идораларига такроран мурожаат қилмоқда.
Биринчи сектор раҳбари, туман ҳокими Ҳ.Тўйчиев ўтказган сайёр қабулда А.Ҳайдаров ҳам қатнашди. Адолатни тиклашда ёрдам сўради. Шундан сўнг, мутасаддилардан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, унинг муаммоси жойида ўрганилди.
Маълум бўлишича, А.Ҳайдаров номида бир гектар боғ бўлган. Собиқ Алишер Навоий жамоа хўжалиги ҳудудига қарашли мазкур боғ учун 2003 йилда эгалик ҳуқуқини олган. Туман ҳокимининг қарорида фақат 270 туп дарахт унга тегишли экани кўрсатилади. Ер майдони бундан мустасно.
2016 йилда Вазирлар Маҳкамасининг йиғилиш баёни талабларидан келиб чиқиб, катта-кичик боғлар боғдорчилик фермер хўжаликларига қўшилди. Туман ҳокимининг 2016 йил 12 майдаги қарорига асосан 361-контурдаги (А.Ҳайдаровга тегишли бўлган) боғ майдони ҳам “Аслиддин Усманов Махмудович” фермер хўжалигига қўшиб берилган. Аммо А.Ҳайдаров фермер билан ўзаро келишиб, боғ ва ердан фойдаланишда давом этаверган.
Ҳукумат топшириғи билан 2018 йилда самарасиз боғ ва токзорлар экин майдонларига айлантирилди. Жараён бошлангач, А.Ҳайдаров ўзига тегишли дарахтларни ковлаб олади. Лекин фермер хўжалигига ишга ўтиб, ерни қўлдан чиқаргиси келмайди. Ўзбошимчалик билан ўша ернинг маълум қисмига мевали дарахт кўчатларини ўтқазиб олади.
– Туман ҳокимининг 2019 йил 26 январдаги 567-к сонли қарори билан фермер хўжаликлари мақбуллаштирилди, – дейди туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи Жамол Каримов. – Шу ҳудуддаги “Орзу мурод даласи” ва “Аслидин Усмонов Махмудович” фермер хўжалиги (А.Ҳайдаров ишчи бўлиб ишлаган хўжалик) нинг ер майдони “Шерқўрғон ерлари” фермер хўжалиги тасарруфига ўтказилди. Жами 28,6 гектар майдон 45 йил муддатга ижарага берилди. Аммо А.Ҳайдаров ўтган йили рухсатсиз экилган дарахт кўчатларини олмай, қаршилик кўрсатяпти. Ноқонуний хатти-ҳаракати билан вазиятни мураккаблаштиряпти, холос.
– Икки йил аввал боғимизни тортиб олишди, – дейди А.Ҳайдаров. – 2005 йилдан буён қонуний фойдаланиб келардик. Кейинчалик фермер хўжалигига қўшилди. Аммо фермер норози бўлиб, қаршилик кўрсатгани йўқ. Ўзаро келишиб, меҳнат қилардик. Боғни бузгандан кейин ҳам, бир қисмига кўчат экдим. Энди янги фермер ерни тортиб олмоқчи. Бу йил кўчатларга сув чиқаролмадим. Фермер қарши бўлди. Ахир бу ерда менинг ҳам ҳаққим бор. Бошқа жойдан ер берайлик, фермерни тинч қўйинг, дейишяпти. Лекин улар таклиф этаётган жой анча узоқлик қилади. Тепаликда жойлашган. Сув чиқмайди. Мутасаддилар шуни инобатга олишмаяпти. Яқинда судга ҳам мурожаат қилгандим. Фойдаси бўлмади.
Дарвоқе, суднинг қарорида фуқаронинг талаби қисман қаноатлантирилган. Масъуллардан А.Ҳайдаров учун шу ер майдонига тенг миқдорда (1,1 гектар) жой ажратиб бериш сўралган. Аммо фуқаро бу қарордан ҳам норози. Оила аъзолари билан собиқ боғ ҳудудини талаб қилиб, турли идораларга шикоят ёзишни маъқул кўряпти.
2019 йилнинг 9 январида Вазирлар Махкамасининг соҳани тартибга келтириш бўйича навбатдаги қарори тасдиқланди. Энди боғдорчилик ва узумчилик йўналишидаги фермер хўжаликларининг ер майдонлари 10 гектардан кам бўлмаслиги белгилаб қўйилди. Демак, А.Ҳайдаровнинг бу ерда ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқи қолмаган. Суд инсонпарварлик, одиллик нуқтаи-назаридан фуқаронинг фойдасига қарор чиқарибди. Истисно бундан ортиқ бўлмайди.
Ишчи гуруҳ ушбу ер майдонини бориб ўрганди. Бир қисмига экилган кўчатлар сувсизликдан қовжираб турибди. Қаровсиз қолгани учун катта майдон ўт босиб, аянчли манзара касб этган. Ўрганиш, тушунтириш жараёнида А.Ҳайдаровнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари эслатиб ўтилди. Фуқаро суд ҳукмидан норози бўлган тақдирда вилоят судига кассация киритиш ҳуқуқига эга. Бироқ, амалдаги қонун-қоидаларга таяниб айтадиган бўлсак, унинг ҳозирги талаби мантиққа тўғри келмайди.
Жомбой туман ҳокимлиги ахборот хизмати.