Баҳром Давлатшоев ким эди?

Баҳром Давлатшоев 1871 йил Каттақўрғон шаҳрида туғилган. Унинг отаси Давлатшоҳ татар миллатига мансуб бўлиб, асли касби тикувчи эди. Чор Россиясининг полиция хизматига ўтгач, Каттақўрғонга ишга юборилганди. Шу ерда ўзбек қизига уйланиб, хизматдан озод этилганидан сўнг бош оқсоқол бўлди. Бироқ кейинги йилларда тараққийпарварлик фаолияти учун Сибирга сургун қилинган.

Унинг ўғли Баҳром Давлатшоев ҳам эски мактаб ва европача мактабларда ўқиб ўрта таълим олади. Шундан сўнг Бухоро амирининг хизматига кириб, аввал мирохўр, кейин амирнинг шахсий тилмочи вазифаларида хизмат қилди. Баҳром Давлатшоев Бухоро заминида сарой мулозими, тараққийпарвар шоир сифатида танилди. 1910 йил унинг илк шеърий тўплами босилди. Бухоро жадидчилик ҳаракатининг вакили, “Ёш бухороликлар” партиясининг фаол аъзоларидан бири сифатида “Бухорои Шариф” газетасини тайёрлашда иштирок этди. Мусо Саиджонов раҳбарлик қилган “Баракат” Бухоро китоб дўконининг муассисларидан бири бўлди.

Февраль инқилобидан сўнг “Ёш бухороликлар” Бухоро амирлигининг тақдири масаласида Мирзо Иброҳим Субҳийнинг уйида йиғин ташкил этадилар. Йиғин якуний қарори билан улар Муваққат ҳукумат билан алоқага чиқиб, Бухоро ҳукумати учун озодлик сўрашга келишиб олади. Шундан кейин “Ёш бухороликлар” Муваққат ҳукумат номига телеграмма ёзади. Телеграмма Баҳром Давлатшоев томонидан ёзилади ва у амир тазйиқига учрашидан хавотир олиб, Оренбург шаҳрига кетади. У ерда “Вақт” газетасида ишлай бошлайди. Бир муддат ўтгач, “Ёш бухороликлар” қўмитаси “Вақт” газетаси таҳририятига телеграмма йўллаб, Баҳром Давлатшоевнинг зудлик билан Петроградга боришини ва Муваққат ҳукуматдан Бухоро учун мустақиллик сўрашини талаб этади. Баҳром Давлатшоев қўмитанинг буйруғини бажариш учун 1917 йилнинг март ойида Петроградга йўл олади. У мусулмон фракцияси орқали Муваққат ҳукуматдан Бухоро амиридан “Ёш бухороликлар” учун тўлиқ эркинлик берилишини талаб қилади. Орадан икки кун ўтиб, Баҳром Давлатшоевга мазкур масала юзасидан Бухорога телеграмма ва уч кишилик гуруҳ жўнатилаётганини маълум қилишади. Баҳром Бухорога қайтишда Оренбург вокзалида “Ёш бухороликлар”дан Фитратни кўради. “Ёш бухороликлар” қўмитаси Фитратни ҳам Петербургга йўллаган эди. Улар биргаликда Бухорога қайтадилар.

Баҳром Давлатшоев совет ҳукуматининг биринчи кунларидан унга қарши курашга бел боғлади. Колесов воқеалари вақтида масжидларга бориб ҳаммани советларга қарши курашишга, қўлга қурол олишга чақирди. Колесов воқеаларидан сўнг Эски Бухорони тарк этиб, Каттақўрғонга қайтиб бир муддат масжид имоми сифатида фаолият олиб боради. 1920 йил Бухоро инқилобидан сўнг Эски Бухорога кўчиб ўтади. Файзулла Хўжаев ҳукумати унинг 1917 йил Петроградга сафари учун харажатларини ҳисоблаб, Баҳром Давлатшоевга 50 минг сўм миқдорида пул ажратади ҳамда амир томонидан мусодара этилган Эски Бухоро шаҳридаги уйини ўзига қайтариб беради.

1921 йил Бухоро ҳукуматида аввал халқ терговчиси, сўнг ҳукумат идораси ходими сифатида иш олиб боради. Бухоро матбуоти саҳифаларида кўплаб чиқишлари билан ижодга шўнғийди. Бироқ советларнинг тўлиқ ҳокимиятни қўлга олишларига тиш тирноғи билан қарши эди. Шунинг учун Бухорода уни совет ҳукуматига қарши қўзғолонга даъват этишда айблаб, қамоққа олишади. 1923 йил қамоқдан чиқиб, Бухородаги бир вақтлар амир томонидан берилган уйини сотиб, Каттақўрғонга кўчиб кетади.

Баҳром Давлатшоев Каттақўрғонда яна Туркистон Республикаси Марказий ижроия қўмитаси томонидан шаҳар молия бўлимига ишга олинади. Бироқ унинг изидан тушган кимсалар асло кузатувни тўхтатмади, аксинча унинг советларга қарши ташвиқоти ҳақида Давлат сиёсий бошқармаси (ГПУ)га тинимсиз ахборотлар йўллаб чарчашмади...

1929 йил 5 ноябрь куни Баҳром Давлатшоев раҳбарлигида Каттақўрғон ва унинг атрофида яшаган собиқ гилдия савдогарлари, диндорлар қулоқ деб топилади.

Уйида тинтув ўтказилиб, каттагина кутубхонаси, 4 та таржима асари ва бошқа асарлари тортиб олинади. Улардан тарихий ва илмий мавзуларда ёзилган қўлёзма ҳолидаги китоби, Бухоро амири ҳаёти ҳақида ёзилган “Статуя деспота и очаг разврата” номли меморандуми муҳим манба эди.

Аслида Баҳром Давлатшоевнинг жиноий иши бошдан оёқ тўқима бўлиб, унинг қайси санада қамоққа олинганлиги ҳам маълум эмас. Жумладан, 1929 йил 12 сентябрь санаси билан Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси (ОГПУ) раҳбариятига ёзган аризасида ўзининг ўтмишини ҳикоя қилиб, ҳеч қачон заводим, саройларим, тегирмоним бўлмаган, Мен 60 сўм ижара пулим ва ўғлимнинг ёрдамида яшайман, дейди. У ўзининг совет сиёсий тадбирларига қарши эмаслигини, ҳатто 18 ёш қизи Саидани Каттақўрғондан Самарқандга лотин алифбоси курсида ўқиш учун йўллаганини ёзади. Яна бир шикоятида «Мени 17 сентябрдан бери сўроқ қилишмайди», деб ёзғирган эди...

1930 йил 23 апрелда ОГПУ мажлиси томонидан Баҳром Давлатшоев 5 йил Севкрайга концлагерга юборилади. Баҳром Давлатшоев жазони ўташ жараёнида Архангельскда вафот этгани ҳақида маълумот ҳам мавжуд. Бироқ бошқа ҳеч бир тафсилот келтирилмаган.

1968 йил 13 октябрь куни қизи Ойиша Давлатшоева отасининг кейинги тақдири билан қизиқиб, шўроларнинг юқори идораларига мурожаат этади. Мазкур ариза асосида Баҳром Давлатшоевнинг иши қайта кўришга топширилди ва у 1969 йил 27 февраль куни ЎзССР Олий Суди томонидан оқланган.

Дарвоқе, «Шўро» журналида Баҳромбек Давлатшоевнинг «Туркистон халқина китоб» сарлавҳали шеъри босилган. Унда ХХ аср бошларидаги ўзбек жадид шеъриятига хос дилга яқин мисралар мавжуд:

Бир эр йўқму сени уйқудан

уйғотгувчи, эй миллат,

Тутуб эгнинг фунук йўлини

кўрсатгувчи, эй миллат,

Эшит сўзим, фано денгизина

ботгувчи, эй миллат,

Нечук уйғонмаюрсан оламнинг

фарёди зориндин.

Баҳром ИРЗАЕВ,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори.