Барча солиқ ставкалари Солиқ кодекси билан белгиланади

Оқдарё тумани ҳокимлигида 2021 йилда солиқ соҳасидаги ўзгаришлар бўйича семинар ўтказилди. Унда туманда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари вакиллари, ҳисобчилар иштирок этди.

Тадбирда Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ходимлари жорий йилда солиқ қонунчилигига қандай ўзгариш ва янгиликлар киритилгани, солиқ ставкалари ва уларни белгилаш тартиб-таомили хусусида тўхталиб ўтди.

Эндиликда барча солиқ турлари бўйича солиқ ставкалари Солиқ кодекси билан белгиланиши таъкидланди. Мазкур жараёнда акциз солиғининг ставкалари, маҳсулот нархи динамикаси ва уни реализация қилиш, жумладан, импорт қилиш ҳажмидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан йил давомида қайта кўриб чиқилиши мумкинлиги қайд этилди.

–  Қатъий белгиланган миқдорлардаги солиқни тўловчилар учун солиқ ставкалари Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида белгиланди, – дейди Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ходими Валишер Темиров. – 2020 йилда амалда бўлган солиқ ставкалари жорий йилда ҳам сақланиб қолингани эътиборга молик. Ўзбекистон Республикасининг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунида назарда тутилган, ушбу солиқ ставкалари қўлланилиши билан боғлиқ алоҳида нормалар Солиқ кодексига ўтказилди. Бундан ташқари, якка тартибдаги тадбиркор билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслардан олинадиган солиқ тўлов манбаида солиқ агенти – якка тартибдаги тадбиркор томонидан солиқ тўловчига даромад тўланганда ҳисоблаб чиқарилиши ва ушлаб қолиниши белгиланди.

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати.