Башоратга айланган ёзувчилар асарлари
Бадиий адабиётдаги баъзи асарларда ёзилган ҳодисалар ўнлаб йиллар ёки асрлар ўтиб ўнгидан келган ҳолатлар ҳам бўлган.
Баъзи ёзувчилар нафақат улкан адабий истеъдоди, балки ўз китобларида ёзганлари ҳақиқатга айланишини билмасдан туриб келажакда бўлиб ўтадиган воқеаларни башорат қилган.
Улар яшаган даврда адабий асарлар илмий фантастика туркумига кирган ва ҳеч ким инсониятнинг келажакдаги катта фожиалари тўғрисида ўқиётганини хаёлига ҳам келтирмасди.
Титаник ҳалокати
Минглаб одам ҳалок бўлган Титаник фожиаси 1912 йилнинг апрель ойида Атланика океанида содир бўлганидан кўпчиликнинг хабари бор.
Ажабланарлиси, 1898 йилда ёзувчи Морган Робертсон ўзининг “Титан ҳалокати” романини нашр этди, унда чўкиши мумкин эмас деб ҳисобланган “Титан” кемасининг ҳалокати тўғрисида ҳикоя қилинган эди.
Робертсоннинг романидаги Титан кемаси асар чиққанидан 14 йил ўтгач сузиб юрувчи музтоғга урилиб чўккан Титаник каби чўкиб кетади.
Ойга сафар
Ёзувчи Жюль Верн ҳам ўзининг башоратлари билан танилган. У келажакдаги дунё ҳақида 108 тахминни илгари сурди, шундан 98 таси амалга ошиб, ҳақиқатга айланди.
Ёзувчи “Ер марказига саёҳат” асарида Ер юзида унинг ядросида бўлгани каби ҳаёт ва одамлар борлигини кашф этган гуруҳ ҳақида ҳикоя қилади.
Ёзувчининг 1868 йилда нашр этилган “Ердан Ойга қараб” китобидаги башорати эса бундан ҳам ажабланарли. Француз муаллифи ўз романида Ойга саёҳатга жўнаб кетган уч довюрак киши ҳақида ҳикоя қилади. Эркаклар Флоридадан Ернинг сунъий йўлдошига қараб саёҳат қилишди, сўнг Тинч океанига қўнишди. Бир аср ўтгач, инсоният ўтмишда тўқима деб ҳисобланган ушбу воқеанинг гувоҳи бўлди.
Уч астронавт Флорида штатидан ёзувчи томонидан ҳатто кема катталигигача аниқ тасвирланган “Апполон-8”да ойга парвозни амалга оширди. Гуруҳ Тинч океанига қўнди.
Асар воқеалари ярим аср ўтгач амалда юз берди
Баъзи тарихчилар ёзувчи Эдгар Аллан Пони вақт машинасида саёҳат қилган ёки ҳеч бўлмаганда келажакни кўра олиш қобилияти бор ёзувчилардан деб ҳисоблашади.
1838 йилда ёзувчи “Артур Гордон Пимнинг саргузаштлари” китобида кема қулаши натижасида тирик қолган, егуликлари тугагандан сўнг иложсизликдан ишчилардан бирини ейишга қарор қилган 4 денгизчи ҳақида ҳикоя қилинган. Қуръа тортиш натижаси Ричард Паркер исмли юнга(кичик матрос)ни кўрсатди.
Эдгар По таъкидлашича, асарда тасвирланган воқеалар ҳақиқатда рўй берган. Фақат у бу воқеа келажакда бўлиб ўтишини кўрсатишни унутган.
Деярли ярим аср ўтиб, 1884 йилда Magnolet кемаси ҳалокатга учради, 4 киши омон қолиб, унинг аъзолари бир кишини ейишга мажбур бўлди. Танлов кимга тушганлигини тушунгандирсиз, ҳа-ҳа, айнан юнга Ричард Паркер омадсиз бўлиб чиқди. Вақт ўтиб, денгизчилар сўроққа тутилганда юқорида айтиб ўтилган китобни ўқимаганликларини айтган.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.