Бахт ўзи нима?

(Эссе)

Бахтни ҳар ким ўзича, ҳар хил тасаввур қилади, бироқ бу тушунча қамрови бизнинг тафаккур доирамиздан анча кенг ва уни биргина ҳол билан ифодалаб бўлмайди. Айтайлик, инсоннинг дунёга келиши – бахт! Кимгадир севганига уйланиш – бахт! Фарзандли бўлиш – бахт! Кимгадир меҳр қўйган касби билан шуғулланиш – бахт! Ота-она дуосини олиш – фарзанд учун бахт! Машинали бўлиш, данғиллама уй қуриш, тўй қилиш, бирор бошқа орзусига эришиш… Булар ҳам кимлар учундир бахт. Одамлар бахт, деб биладиган бу ҳолларни исталганча давом эттириш мумкин.
Аммо улар орасида шундай бахт борки, унга мушарраф бўлиш комилликнинг юксак намунасидир. Бу – Ватанга, элга содиқ бўлиш, жамият равнақи, юртдошлар тинчлиги, осойишталиги йўлида фидойилик кўрсатиш. Одамларни севиш, уларга беғараз, меҳр кўзи билан қараш, ҳамма ўзига ўхшаган инсон эканлиги, Яратган олдида тенглигини эътироф этиш. Булардан ҳам буюк бахт – Ўзбекистон деган озод юрт фарзанди эканлигимиз.
Надоматлар бўлсинки, кўп ҳолларда ҳамма ҳам бундай фидойилик, бағрикенглик кўрсата олмайди. Кўпинча аждод-авлод, ота-она, бола-чақага кўрсатган меҳрибонликни бегоналарга раво кўрмайди. Фақат ўзим бўлсам, дейди. Ўзига тинч ва тўқ инсонларни кўрса, ҳавас эмас, ҳасад қилади.

Лев Толстойнинг гапи бор: "Инсон ёлғиз ўзи ҳеч қачон бахтиёр бўлолмайди, барча инсонлар бахтли бўлгандагина у бахтли бўлади!".
Эсимда. Шўролар замонида "Ҳамма нарса инсон учун, инсоннинг бахт-саодати учун", "Барчамиз тенглар ичра тенгмиз", "Коммунизм қурувчисининг ахлоқ кодекси" каби баландпарвоз шиору даъватлар ҳар куни онгу шууримизга сингдириларди. Аммо амалда гап бошқа, ҳаёт бошқа бўлиб чиқди. Ёлғон ва алдамчиликка қурилган қизил империянинг чуви чиқди. Ижтимоий адолатсизлик, меҳнатга ҳақ тўлашдаги ноҳақлик – ишлаганнинг ҳам, ишламаганнинг ҳам бир хил ҳақ олиши, маъмурий-буйруқбозлик охир-оқибат одамларда келажакка ишончни йўқотди, уларда ташаббускорликни сўндирди, боқимандалик кайфиятини келтириб чиқарди. Тинимсиз такрорланавериши оқибатида "бахт" деган тушунчанинг қадр-қиммати тушиб кетди.
Олий бахт – Ватанга фидойи бўлиш, дедик. Бир қарашда баландпарвоз сўз бўлиб туюлган бу даъватнинг фалсафий мазмун-моҳияти аслида жуда тийран. Негаки, Ватан деган сўзнинг ўзи кенг маъноли. Ватан – киндик қонимиз тўкилган табаррук гўша. Ватан – ота-она, оила, опа-сингил, ака-ука, қариндош-уруғ, дўсту биродар, тақдирдош миллат, илк бор қўлимизга қалам тутқазган устоз-муаллим, қадриятлар. Атрофимизни қуршаб турган она табиат, ота-боболардан мерос она ер! Биз уларни ардоқласак, эъзозласак, бунга ўзимизни бурчли, масъул деб билсак – бахт! Таниш-билиш, қўни-қўшни, қариндош-уруғ, оға-ини, дўсту биродар муаммосига, мушкулини осон қилишга жиндак кўмаклашсак, уларни озод, тинч-тотув, осойишта, фаровон яшашига ҳиссамизни қўша олсак – бахт!

Бу борада ибрат оладиган қадриятларимиз талайгина. Масалан, бахт куйчиси Ҳамид Олимжонга бўлган севги-садоқат ва Ватан, халқ тақдирига ўзини масъул деб жон фидолик кўрсатиш тимсоли Зулфияхонимда акс этган. Халқимизнинг ардоқли шоир ва ёзувчилари Fафур Fулом, Ойбек, Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, академик Бахтиёр Назаров, Иброҳим Fафуров, яқинда оламдан ўтган академик Азиз Қаюмов ва улар каби юзлаб зиёлилар эл-юртга хизмат қилиб, чинакам бахтга эришган инсонлар эмасми? Инсоният цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган аллома ва мутафаккирларимиз – Алишер Навоий, Ибн Сино, Беруний, Хоразмий, Фаробий, Фарғоний, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Мирзо Улуғбек, Бобур кабилар-чи? Улар бахтни она-юртга садоқат билан хизмат қилиш деб билишган, зарур бўлганда жонларини ҳам аяшмаган. Мана, чинакам бахт нима дегани! Лекин бундай бахтга ўз-ўзидан эришилмайди. Атоқли шоиримиз Fафур Fулом айтганидек, "Fойибдан келажак бахт бир афсона…". Ҳар ким тақдирни, бахтни ўз қўли билан ўзи яратади. Бунга юқорида таъкидлаганимиздек, Ватан, эл манфаатини ўзининг шахсий ҳою ҳавасларидан устун қўйиб, бахтли келажакнинг муаззам биносига ҳеч бўлмаганда битта ғишт қўйган киши эришади.

Жумақул КАРИМ.