“Бахтли ҳаёт” маҳалласи ва ширкати учун жой ажратилган
- 21.01.2019 21:11
- 244
- Жамият
Бугун сайтимизда замонавий турар жой масканида маҳалла фуқаролар йиғини ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати учун жой ажратилмагани, улар “Жамоатчилик назорат маскани” учун ажратилган кичик кўчма бинода фаолият кўрсатаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Гап Самарқанд шаҳрининг Рудакий кўчасида 2017 йилда қурилган кўп қаватли уйлар жойлашган янги “Бахтли ҳаёт” маҳалласи билан боғлиқ эди.
Бу ҳақдаги мақола сайтимизда жойлаштириш ва газетамизда чоп этиш учун тайёрланаётганда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ушбу хабарга муносабат билдириб, масалага ойдинлик киритди.
Шаҳар ҳокими Ф.Раҳимовнинг маълум қилишича, маҳаллада “Элита проект қурувчи” масъулияти чекланган жамияти (Э.Шодиев)томонидан қурилаётган иккита кўп қаватли уйлардан бирининг биринчи қаватидан маҳалла маркази ва ширкат учун жой ажратилган. Шунингдек, ушбу биноларнинг дастлабки қаватида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилади.
Демак, энди “Бахтли ҳаёт” маҳалласи ва ширкати учун ажратилган жой фойдаланишга топширилишини кутамиз. Ва бу ҳақда, албатта сайтимиз ва газетамизда хабар берамиз.