Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Беҳбудий Жомбойдаги 28-мактабнинг ташкил этилишида бош-қош бўлган

Самарқандда буюк маърифатпарвар, драматург, публицист, жамоат арбоби, жадидчилик ҳаракати етакчиларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллуд топган кун кенг нишонланди.

Вилоят педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказининг барча гуруҳларида дарслар Беҳбудий ҳаёти ва фаолиятига бағишланган маънавият соати билан бошланди. 

Шундан сўнг таниқли ёзувчилар, олимлар, профессор-ўқитувчилар, Беҳбудийнинг невара-эваралари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида маърифатпарвар олимнинг ҳайкали пойига гуллар қўйилди.

Санага бағишланган тадбирлар “Маҳмудхўжа Беҳбудий – буюк маърифатпарвар сиймо” мавзусидаги маънавий-маърифий кеча билан давом этди.

- 25 йилдан бери 19 январь куни ушбу педагогик марказда бобомни хотирлаб, тадбир ташкил этиш анъанага айланди, - дейди Шоҳруҳ Беҳбудий. – Ҳар гал бундай тадбирдан бобом ҳақида бир янгилик топиб қайтаман. Бугун ҳам иштирокчиларнинг маърузаларини тинглаб, кўнглим тоғдек кўтарилди. Айниқса, профессор М.Турсунованинг сўзлари, яъни бобомнинг нафақат Самарқанд шаҳри, балки вилоятнинг турли ҳудудларидаги мактаблар фаолиятини ривожлантиришда қўшган ҳиссаси, хусусан, Жомбой туманидаги 28-мактабнинг ташкил этилишида бош-қош бўлганлиги ҳақидаги маълумотлар мени тўлқинлантирди.

Тадбир доирасида педагогика маркази тингловчилари ўртасида Беҳбудийнинг танланган асарлар тўпламига бағишлаб ташкил этилган “Бир ҳафтада бир китоб” номли танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди.

Марказ тингловчилари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар ва театрлаштирилган томошалар тадбирга файз киритди. Шунингдек, иштирокчиларнинг Беҳбудий уй-музейига саёҳати ҳам уюштирилди.

Вилоят педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий маркази ахборот хизмати.