Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Беларусда 700 дан ортиқ намойишчи ҳибсга олинган

Шу куни Беларусда бўлиб ўтган норозилик намойишлари вақтида 700 дан ортиқ намойишчи ҳибсга олинди. Бу ҳақда Беларусь ИИВ расмий вакили Ольга Чемоданова маълум қилди.

У тақдим этган маълумотга кўра, 15 ноябрь куни мамлакат бўйлаб умумий ҳисобда 35 та рухсат берилмаган оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтган.

“Ўзгаришлар номини олган майдонда фуқароларнинг катта оқими кузатилди. Намойиш ташкилотчилари ўз мақсадлари йўлида Роман Бондаренко ўлимидан фойдаландилар (намойишлар вақтида ҳалок бўлган). Ноқонуний хатти-ҳаракатлар амалга оширилишига йўл қўйилмаслиги тўғрисида бир неча бор огоҳлантирилганларидан сўнг энг фаол иштирокчилар ҳибсга олинди”, деб ёзди Чемоданова ўзининг Telegram саҳифасида.

Маълум қилинишича, Брест ва Гродно шаҳарларида намойишчилар сони 200–250 нафардан ошмаган, мамлакатнинг бошқа жойларидагига нисбатан тинч ўтган. Энг йирик оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтадиган Минск шаҳридаги иштирокчилар сони маълум қилинмади. Бироқ бутун Беларусь бўйлаб уларнинг сони “қисқарди ва норозилик фаоллиги камайди”, дейилган Чемоданова шарҳида.

“Жами 700 дан ортиқ одам оммавий тадбирлар тўғрисидаги қонунни бузганлари учун уларнинг маъмурий ҳуқуқбузарликлари судда кўриб чиқулгунга қадар ҳибсда ушлаб туриш жойларига жойлаштирилди”, дея қўшимча қилинган хабарда.