Беларусь марказий сайлов комиссияси мамлакатда президент сайлови ўтказилганлигини эълон қилди: Александр Лукашенко 80 фоиздан ортиқ овоз тўплади
Аввал хабар берганимиздек, кеча Беларусда бўлиб ўтган сиёсий жараёнда сайловчилар амалдаги президент А.Лукашенко, таржимон Светлана Тихановская, собиқ депутат Анна Канопацкая, "Говори правду" («Ҳақиқатни гапир») компанияси етакчиси Андрей Дмитриев ҳамда "Белорусская социал-демократическая Грамада" партияси раҳбари Сергей Черечнялар номзодларига овоз беришди.
Марказий сайлов комиссиясининг қарорига кўра, мазкур Президент сайлови ўтган деб ҳисобланмоқда.
Мамлакатдаги овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 6,8 миллион сайловчи бўлиб, улар 2020 йил 9 август, якшанба куни эрталаб соат 8:00дан 20:00 гача 5767 та сайлов участкаларига келиб овоз беришди. Мамлакат ҳудудидан ташқарида 44 та сайлов участкалари ташкил этилди.
Маълумотларга кўра, Минск шаҳридан ташқари барча вилоятларда 50 фоиздан зиёд сайловчилар иштирок этишди. Жумладан, Гомель вилоятида 66 фоиз, Могилевда 63 фоиз сайловчилар сайлов участкаларига боришди. 41,7 фоиз сайловчилар эса 4-8 август кунлари бўлиб ўтган муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланишган. Бу мамлакат тарихида рекорд кўрсаткич бўлди. Бироқ мустақил кузатувчиларнинг фикрича, бу рақамлар ошириб кўрсатилган дейишмоқда.
Сайловларда асосий кураш Лукашенко ва Тихановская ўртасида борди. Сайловчиларнинг аксарияти ўзини мамлакат ҳаётида янги қон олиб кирувчи курашчи дея ҳисоблаётган оппозиция номзоди Светлана Тихановская атрофидаги воқеа-ҳодисаларга эътибор қаратди. Президентликка талабгор бўлган, аммо, айни пайтда қамоққа олинган блогер Сергей Тихановскийнинг рафиқасини қўллаб-қувватлаш учун кўп минг кишилик оммавий митинглар уюштирилди. Уни оппозиция вакиллари, рўйхатга олинмаган номзодлар ҳам қўлламоқда. Бироқ сайлов арафасида Тихановская хавфсизлик мақсадида ўз уйини тарк этганлиги маълум бўлди. Бунга унинг сайлов компаниясидаги жамоаси вакиллари М.Колесникова ва М.Морозлар, Минск, Гомель, Брест, Гродно ва бошқа ҳудудлардаги фаолларнинг ҳукумат томонидан таъқиб қилиниши ва қўлга олинганлигини сабаб бўлди.
Сайловлар халқаро кузатувчиларсиз ўтказилмоқда. Коронавирус пандемияси сабаб қилиб кўрсатилаётган жараёнда ҳатто Европа Иттифоқи ва ЕХҲТ каби нуфузли ташкилотлар ҳам ўз вакилларини юбормади.
Эслатиб ўтамиз, номзод сайловчиларнинг ярмидан кўпининг овозига эга бўлса, президент этиб сайланади. Беларусда сайловларнинг иккинчи тури фақат бир марта - 1994 йилда бўлиб ўтган. Бошқа сайловларда фақат Лукашенко ғолиб бўлган. 2015 йилда бўлиб ўтган сайловларда у 87 фоиз сайловчиларнинг 83,5 фоиз овозига эга бўлган. Лукашенко 1994 йилдан буён Беларусь президенти бўлиб келган. Бу эса Европа давлатлари раҳбарлари орасида энг узоқ муддат ҳисобланади.
Мамлакатдаги 320 сайлов участкаларида бўлган 12 340 нафар сайловчилар билан ўтказилган расмий экзитпол сўровномалар якунига кўра, Лукашенко деярли 79,9 фоиз овозга эга бўлди, дейилади "БелТА" ахборот агентлиги хабарида. Унинг асосий рақиби С.Тихановская эса 6,8 фоиз овоз олган.
Беларусь ёшлар ташкилотлари қўмитаси томонидан ўтказилган ижтимоий сўровномларда ҳам Лукашенко ғалаба қозонган. Қолган номзодлар эса 5 фоиз ҳам овоз тўплай олишмади. 9,2 фоиз иштирокчилар барча номзодларга қарши овоз беришган.
***
Соат 23:00 да Марказий сайлов комиссияси ўзининг дастлабки экзитпол натижаларини эълон қилди, дея хабар қилмоқда РИА Новости. Унга кўра, Александр Лукашенко 81,3 фоиз овоз тўплаган. Унинг асосий рақиби Светлана Тихановская 8 фоиз овоз олди.
Илгари хабар берилганидек, соат 18:00 гача сайловчиларнинг 79 фоизи жараёнда иштирок этган. Беларуссиядаги сайловолди компанияси муҳолифат вакилларини қўлга олиш билан давом этган. Сайлов ўтадиган кун турли акция ва митингларнинг олдини олиш учун пойтахт Минскда ҳарбий техника ва қуролли кучлар шай ҳолатга келтирилди.
Дилмурод ТЎХТАЕВ тайёрлади.