Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Беминнат ҳуқуқий ёрдам кўрсатамиз

“Юксак салоҳият” жамоат бирлашмасининг Самарқанд филиали 2019 йил май ойида рўйхатга олинган эди.

Мақсадимиз вилоятимиз аҳолисининг ҳуқуқий ҳимоя қилинмаган қатлами учун юридик хизматлардан фойдаланиш имкониятини яратиш, фуқароларнинг конституцион ҳуқуқи ва мажбуриятлари ҳақидаги билимларини оширишдан иборат.

Шундан буён Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари бўйича USAID дастури доирасида лойиҳаларимизни амалга ошириб келяпмиз.

Лойиҳамиз вилоятнинг тўрт ҳудуди – Самарқанд шаҳри, Оқдарё, Тойлоқ ва Самарқанд туманлари аҳолисига бепул юридик хизмат кўрсатишни қамраб олади. Шу кунгача ушбу ҳудудлардаги 6,7 мингдан зиёд аҳолига ҳуқуқий маслаҳат бердик. Маслаҳат олганларнинг асосий қисми аёллар (4398 киши).

Кузатишларимизча, ҳар тўққизинчи фуқарода ҳуқуқий маслаҳат олишга эҳтиёж бўлади. Аммо аксарият юридик фирмалар тижорат асосида ишлайди. Шу боис кўпчилик пенсионер, ногирон ёки кўп фарзандли оилаларнинг юридик хизматлардан фойдаланишга қурби етмаслиги мумкин. Ҳуқуқшуносга мурожаат билан келувчиларнинг масалалари эса турлича. Айрим кишиларга имтиёз ва субсидия олишлари учун ҳужжатларни саводли расмийлаштириш, бошқасига меҳнат муносабатларини ҳал қилиш, хато имзоланган шартномани бекор қилиш талаб этилади.

Булардан ташқари, алимент ундириш, мол-мулкни тақсимлаш, имтиёзли уй-жой олиш, ипотека кредитига навбатда туриш учун аризани қандай тўлдириш бўйича ҳам мурожаатлар кўп.
Бепул ҳуқуқий ёрдамларимизни телефон орқали ҳам кўрсатамиз!

Қуйидаги телефон рақамлар орқали ҳуқуқшуносларимиздан жўяли маслаҳатлар олишингиз мумкин:
+998933305656, +998933305858, +998933305959, +998933305252.

“Юксак салоҳият” жамоат бирлашмасининг Самарқанд филиали.

Реклама