Беморнинг қариндоши шифокорга тажовуз қилиб, уни кўзидан айирди
Наманган вилояти Учқўрғон тумани шошилинч тиббий ёрдам бўлими жарроҳи О.Қўлдошевга беморнинг тоғаси томонидан тажовуз қилиниб, тикланиб бўлмас жароҳат етказилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ушбу вазият атрофлича ўрганилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.
Дастлабки маълумотларга қараганда, 2020 йил 2 январь куни 18.30 ларда Наманган вилояти Учқўрғон тумани шошилинч тиббий ёрдам бўлими болалар бўлимига амбулатор мурожаат қилган беморга зудлик билан вақтида ёрдам кўрсатилган. Бемор боланинг тоғаси, Фаровон МФЙда яшовчи, 1990 йил туғилган Б.Т. муолажа хонаси олдида жанжал кўтариб турган пайтда туман шошилинч тиббий ёрдам бўлими болалар бўлими навбатчи жарроҳи, 1960 йил туғилган О.Қўдошев борган. Шундан сўнг у Б.Т.ни қўлидан етаклаб, тинчлантиришга ҳаракат қилиб, зина олдидаги эшикка олиб борган ва ташқарига чиқариб, эшикни ёпган. Врач орқага қайтаётган пайтда Б.Т. эшикни тепиб бузиб, ичкарига кирган ва навбатчи жарроҳга қўққисдан ўнг кўзи соҳасига кучли зарба берган.
Оқибатда О.Қўлдашевнинг ўнг кўз олмасини посттравматик ёрилиши кузатилган. Воқеа пайтида терапия бўлими навбатчи ҳамширалари ва хирургия пост навбатчи ҳамшираси ўша ерда бўлган. Шундан сўнг навбатчи врачга тан жароҳати етказган Б.Т. воқеа жойидан қочган. Ёлғиз қолган жабрланувчига терапия бўлимида даволанаётган бемор Д.И. қонаётган соҳага пахта қўйиб ёрдам кўрсатган. Бўлим навбатчи фарроши реанимация бўлимидаги навбатчи врачларни чақирган.
Жабрланувчи боғлов хонасига олиб кирилган ва шошилинч равишда окулист З.Валиев чақирилган ҳамда “102” навбатчилик қисмига хабар берилган. Окулист томонидан бемор кўрилган ва бирламчи тиббий ёрдам берилиб, тез ёрдам авиацияга хабар берилган. Бемор зудлик билан Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалига етказилган. Бу ерда шифокорлар томонидан зудлик билан текширувдан ўтказилиб, “Ёпиқ калла бош мия жароҳати. Ўнг кўз олмасининг травматик катта ёрилиши, кўз гавҳарининг чиқиши” дастлабки ташхиси билан ётқизилган. Ва, шу куннинг ўзида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан вилоятга тажрибали мутахассислар юборилган.
Жорий йил 3 январ тонгда, соат 05.00 да шошилинч равишда Республика ихтисослаштирилган кўз касалликлари шифохонаси бўлим бошлиғи Муҳаббат Ибрагимова ва бўлим шифокори Асқар Ҳусанов томонидан бемордаги ўнг кўз олмаси шакли бузилиши ва юмшоқ тўқималар шикастланишига бирламчи мураккаб хирургик ишлов бериш операцияси ўтказилган.
Айни пайтда тажрибали шифокорлар томонидан беморга малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Бироқ жабрланувчи шифокорнинг кўзи қайта тикланмайдиган даражада кўриш қобилиятини йўқотган.