Бешта автомобиль иштирокида ЙТҲ содир бўлди (фото)
Телеграм каналларида Учтепа туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси жойидан олинган фотосуратлар тарқалмоқда. Ушбу ҳолат бўйича Тошкент шаҳар ИИББ қуйидагиларни маълум қилди.
14 январь куни соат 22:50 да Лутфий ва Фарҳод кўчалари кесишган жойда йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганлиги тўғрисида 102 рақамига хабар келиб тушган. “Cobalt” русумли автомобиль ҳайдовчиси (01 Y 050 KA), 37 ёшли Т.Тоҳир тақиқловчи чироқда тўхтаб турган бир нечта автомобиль билан тўқнашган.
Тўқнашув хусусан 26 ёшли Шохрух Н. бошқарувидаги “Matiz” (давлат рақами 60 G 354 MA); 29 ёшли Рустам Х. бошқарувидаги “Spark” (давлат рақами 01 N 166 VA); 28 ёшли Бекзод И. Бошқарувидаги “Matiz” (давлат рақами 01 L 152 QA); шунингдек, 28 ёшли Ҳакимжон Я. бошқарувидаги “Nexia-3” (давлат рақами 01 383 XFA) автомобиллари билан содир бўлган.
Бахтсиз ҳодиса оқибатида “Cobalt” русумли автомобиль ҳайдовчиси, “Matiz” русумли автомобиль ҳайдовчиси ва унинг йўловчиси 26 ёшли Ш.Н., шунингдек, “Matiz” автомобили йўловчиси 26 ёшли А.Ж. турли даражадаги тан жароҳатлари олган.
“Cobalt” автомобили тақиқланган светофор олдида тўхтаган автомобиллар билан тўқнашув содир этганлигининг сабаблари аниқланмоқда.