Билим олиш азоби — вақтинча, билимсизлик азоби — умрбод

 

Нима учун билимсизлар жиноятчилардан ҳам кўра хавфли ҳисобланади? Охирги 25 — 30 йилда нечта кутубхона бунёд этилди? Ўз фамилиясини хато билан ёзадиган қатлам ҳам пайдо бўлгани ростми? Ватандошимиз Азизжон Йўлдошевга хориждаги университетлар 30 000 долларгача стипендия таклиф қилганди. Нима учун?

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети профессори, Жаҳон физиологлар жамияти (Стокгольм) академиги, Рим университети (Италия) фахрий профессори, академик Бакриддин ЗАРИПОВнинг инсон камолоти ва мамлакат тараққиётида билим, илм-фан, китобхонликнинг аҳамияти ҳақдаги қуйидаги мақоласида юқоридаги саволларга, умуман, китоб, билим нима учун керак эканига батафсил жавоб оласиз. Домланинг мақолада келтирган биргина мисоли ҳам фикримизча, мавзу бўйича кенг хулоса чиқаришга асос бўлади: “Умуман китоб ўқимайдиган инсонларнинг 43 фоизи қашшоқликда яшайди. Саводли инсонлар орасида эса қашшоқликда яшайдиганлар 4 фоизни ташкил этади”.

 “Билимсизлик инсоният учун энг қоронғи тундир”. Ушбу ҳикмат муаллифи буюк Шарқ файласуфи Конфуций бу борада минг карра ҳақ. Негаки, илм инсониятни юксакликка кўтарса, билимсизлик уни фақат тубанлик, жарлик сари етаклайди. Бунга инсоният тамаддунида мисоллар жуда кўп. Шунинг учун эртасининг фаровон бўлишини ўйлаган жамият илм сари интилади, ёш авлодга билим ўргатиш, зиё тарқатиш пайидан бўлади. Бунинг синалган ва самарали усули мутолаадир.

Шу маънода, китоб инсоният томонидан яратилган энг буюк мўъжизага менгзалади. Зотан, китоб — қалб гавҳари, тафаккур хазинасидир. Инсон камолоти, дунёқараши кенгайишида унинг тутган ўрнини бошқа ҳеч нарса босолмайди. Бугунги кунда ёшлар ўртасида китобхонликни кучайтиришга бўлган эътибор ҳар доимгидан-да юқори эканлигининг таг заминида эса келажагимиз эгаларининг илмли, маърифатли ва зукко бўлиб улғайишидек эзгу мақсад-муддаолар мужассамдир. Давлатимиз раҳбари куйиниб айтганидек, “Илм ва изланиш бўлмаган жойда ҳеч қандай ривожланиш, юксалиш ва умуман, бирор-бир соҳанинг келажаги бўлмайди”.

Дарҳақиқат, китоб энг яқин дўст, доно маслаҳатчи, садоқатли ҳамроҳ ва бебаҳо бойлик ҳисобланади. Миллатнинг маънавий-руҳий дунёсини китобга муносабати, китобхонлик даражасига қараб ҳам аниқлаш мумкин. Шунинг учун жаҳоннинг қайси давлатига бормай, китоб дўконларини айланаман, кутубхоналарини кўришга ошиқаман. Айниқса, Америка Қўшма Штатларидаги энг қадимий ва дунёга машҳур олий ўқув юртларидан бири бўлган Ҳарвард университети кутубхонаси менда битмас-туганмас таассурот қолдирган. Ҳар доим бу хотираларни ўзгача ҳаяжон ва энтикиш билан эслайман.

Билим олиш азоби — вақтинча, билимсизлик азоби — умрбод

...Бундан 4 йил бурун мени Ҳарвард университетига физиология соҳаси бўйича илмий маъруза ўқишга чақиришди. Маърузадан кейин мезбон, яъни университетнинг бизга бириктирилган профессори олий ўқув юрти фаолияти билан яқиндан танишиш имкониятимиз борлигини айтиб, ушбу қадимий таълим масканининг қайси бўлимларини кўриш истагимиз билан қизиқди. Шунда мен ҳамроҳларим фикри билан ҳисоблашиб ўтирмасдан “Кутубхонага борамиз!” дебман. Бу шерикларимга ҳам маъқул тушиб, таклифимни қўллаб-қувватлашди. Аммо мезбоннинг “Университетнинг қайси кутубхонасига?” деган саволи бизни гангитиб қўйди.

Очиғи, Ҳарвард университетининг тиббиёт, табиатшунослик, адабиёт, ҳуқуқшунослик, геология, тарих, информатика ва бошқа соҳаларга ихтисослаштирилган 80 та кутубхонаси борлигини билмас эканмиз. Шунда ҳам сир бой бермай, марказий кутубхонасини кўрмоқчи эканлигимизни билдирдик.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Ҳарвард университети Массачусетс штатининг Кембриж шаҳрида жойлашган бўлиб, у дастлаб 1636 йилда коллеж сифатида ташкил этилган. XIX асрнинг биринчи чорагида эса университетга айлантирилади. Мазкур олий ўқув юртининг нуфузини, унинг АҚШ ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётида тутган ўрнини тасаввур қилиш учун айрим рақамларни келтириш, кифоя.

Эътибор қилинг, Ҳарвард университети битирувчиларидан 79 нафари Нобель мукофоти соҳиби бўлган. Бугунги кунда уларнинг 14 нафари шу университет талабаларига дарс беради. Дунёдаги миллиардер бойларнинг ярми унинг собиқ талабалари ҳисобланади. АҚШнинг 45 Президентидан 12 нафари шу олий ўқув юртини тамомлаган...

Университет кутубхонаси ўз эшикларини 1638 йили очган бўлиб, фондида 8 миллионга яқин асарлар сақланади. Улар орасида инглиз вазири, санъат бакалаври Ж. Ҳарвард қолдирган китоблар энг ноёб адабиётлар сирасига киради. Ж. Ҳарвард ўз мулкининг ярми ва кутубхонасини унинг номи берилган мазкур университетга васият қилиб қолдирган экан.

Кутубхонага яқинлашар эканмиз, унинг пештоқидаги ёзув эътиборимизни тортди. Унда АҚШ файласуфи Жим Роннга тегишли қуйидаги сўзлар битилган: “Тушлик вақтини ўтказиб юбориш мумкиндир, аммо умрнинг энг мазмунли қисмини китоб ўқимасдан ўтказиб юбориш асло мумкин эмас”.

Кўзимизга тушган яна бир чақириқда шундай дейилган: “Билим олиш азоби — вақтинча, билимсизлик азоби — умрбод!”

Ичкарига кирганимиз сари ҳайратимиз янада ортади. Зиё масканининг маҳобати, улуғвор қиёфаси одамни лол қолдиради. Китобхонларга яратилган шарт-шароитларга эса таъриф йўқ. Минг ўринли улкан ўқув зали. Тушлик вақти бўлиб қолганига қарамай, бирорта ҳам бўш жой йўқ. Бу манзарани кўриб, беихтиёр кўзларимга ёш келди...

Бизга тушунтиришларича, ушбу кутубхона университетда таҳсил олаётган 20 мингга яқин талабалар, 14 минг нафардан ортиқ аспирантларнинг энг севимли маскани, билимлар манбаи ҳисобланади. Шунинг учун у танаффуссиз, бир кунда 24 соат фаолият кўрсатади. Илмга ошуфта ёшларнинг тамадди қилишлари учун қаҳва ва енгил егуликлар шу ернинг ўзида текин тарқатилади. Аммо кутубхонада бўлган чоғимизда бирор йигит-қизнинг қаҳва ичиб, тамадди қилиб ўтирганига кўзимиз тушмади. Ҳамма мук тушганча китоб ўқияпти, керакли жойларини кўчириб олмоқда. Қизиғи, ҳар бир стол устида турган компьютерларга ҳеч ким бурилиб ҳам қарагани йўқ.

Ҳайратимни яшира олмай сўрайман:

— Нега талабалар олдида турган компьютердан фойдаланишмайди?

— Китобхонда гаджетлардан хоҳлаган жойда, истаган пайтда фойдаланиш имконияти бор. Бироқ кутубхонадаги китобларни фақат шу ерда ўқиш мумкин. Бу имкониятни, қулай вақтни бой бериб бўладими?! Компьютерлар орқали талабалар ўзларига керак бўлган адабиёт қаерда турганини аниқлашда фойдаланишади холос.

Бу ерда эътиборимизни тортган яна бир жиҳат ёшларнинг китобхонлик маданияти бўлди. Чунки бизнинг кутубхоналардаги каби хизмат кўрсатувчи ходимлар кўп эмас. Улар кўзга ҳам ташланмайди. Ташриф буюрувчилар зарур адабиётларни ўзлари олиб, фойдаланиб бўлишгач, яна жойига қўйиб кетишаркан.

Кутубхонага сарфланган 1 доллар 10 доллар бўлиб қайтади

Ҳозирги технологиялар асрида турли гаджет, интернет ҳаётимизнинг барча жабҳасига чуқурроқ кириб келиб, кутубхоналар инқирозга юз тутяпти, деган иддаолар тез-тез қулоғимизга чалинмоқда.

Тўғри, китобхонлик бир оз сусайганини инкор қилолмаймиз. Аммо одамлар ўқишдан тўхтгани йўқ, кутубхоналар эшиги ҳам ҳозирча тақа-тақ ёпилмади. Аксинча, айни замонда кутубхоналар аста-секин гавжумлашиб, энг муҳим ижтимоий институт сифатида намоён бўлмоқда. Бунга АҚШ тажрибаси яққол мисол бўла олади.

Чиндан ҳам, Қўшма Штатларда кутубхоналарга бориш аҳоли орасида кенг тарқалган маданий фаолият турига айланган. 2019 йилда 18 ёшдан катталар ҳордиқ чиқаришнинг бошқа турларига нисбатан ўртача 10,5 марта кўпроқ кутубхоналарга ташриф буюришибди. Аҳамият беряпсизми? Тасаввуримиздаги ёшларнинг севимли маскани саналган дискотека, кўнгилочар кафе ва барлар, тунги клублар эмас, кутубхоналар ёшларни ўзига кўпроқ жалб этмоқда.

Тўлиқроқ тасаввур ҳосил қилишингиз учун яна бир далил келтирамиз. 2014 йилда диққатга сазовор жойларга бой бўлган Нью-Йоркда жамоат кутубхоналарига ташриф буюрувчилар сонига барча профессионал спорт ареналари, бадиий санъат марказлари, музейлар, парклар ва ҳайвонот боғларига келувчиларни қўшиб ҳисоблаганда ҳам етмаган. 37 миллион ва 30 миллион киши. Орадаги фарқ 7 миллион! Ишониш қийин-а?

Кутубхоналарнинг жамият ва мамлакат тараққиётидаги беқиёс роли кўплаб давлатларда тан олинган. Шунинг учун янги зиё масканларини ташкил этиш, мавжудлари фаолиятини такомиллаштириш тобора устувор аҳамият касб этмоқда. Бинобарин, жамоат кутубхонасига сарфланган бир доллар 10 долларгача даромад келтириши ўз исботини топган. Масалан, Сан-Франциско жамоат кутубхоналари тизимига тикилган ҳар бир доллардан 5 доллардан 9 долларгача даромад кўрилаётган экан. Эҳтимол, ушбу сармоявий омил Қўшма Штатларда жамоат кутубхоналари сони “McDonald’s” ресторанлари ва “Starbucks” қаҳвахоналари сонидан ортиб кетишига сабаб бўлгандир.

Ўзбекистонда-чи? Кутубхоналар сони қанча? Охирги 25 — 30 йилда нечта кутубхона бунёд этилди?

Расмий маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда кутубхоналар сони меҳмонхоналарга қараганда тўрт марта кам экан. Кўпчилик наздида замонавий меҳмонхоналар, антиқа бино ва иншоотлар сайёҳларни кўпроқ жалб қилармиш... Аслида бундай эмас. Сайёҳлар асл Ўзбекистон, унинг тарихи, маданияти, одамларнинг ўзбекона ҳаёти, турмуш тарзини кўриш учун келади. Гапнинг дангалини айтганда, кутубхоналар бошқа сайёҳлик йўналишларидан ҳам кўпроқ саёҳатчиларни жалб қилишга қодир.

Масалага ана шу жиҳатдан ёндашилганда, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Миллий кутубхона ҳузурида 186 та туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказларини ташкил этиш тўғрисидаги муҳим ҳужжатнинг қабул қилиниши, айтиш жоизки, кутубхоналар фаолияти ривожидаги муҳим қадам бўлди. Зотан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси қадимий зиё ўчоғи бўлиб, 1870 йилда ташкил этилган. Унинг мамлакат миқёсидаги тармоқлари кўпайиши аҳоли, айниқса, ёшларимиз орасида китоб мутолааси оммалашиши, китобхонлик даражаси янада ортишига мустаҳкам замин яратади.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон Миллий боғи яқинида Президент кутубхонаси бунёд этилиши режалаштирилгани ҳам халқимиз учун қувончли янгиликдир. Адиблар хиёбони ва боғдаги бошқа маънавий-маърифий объектлар билан яхлит мажмуага айланиши кутилаётган ушбу зиё маскани 4 қаватли бўлиши, бир вақтда 1 минг 400 дан зиёд ўқувчиларга хизмат кўрсатиши кўзда тутилган. Кутубхонада 1 миллион 500 мингта китоб сақланиши билан бирга электрон адабиётлар, мультимедиа маҳсулотлари ҳам бўлади.

Мамлакатимизда илм-фан ва китобхонликни юксалтириш, китоблар нашр этиш ҳамда тарқатиш тизимини қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилинган ҳужжатлар ўз меваларини бера бошлади. Ёш ижодкорларнинг илк китоблари Ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги фонд томонидан бепул нашр этилмоқда. Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилаётган “Ёш китобхон”, “Ёш китобхон оила” республика танловлари ғолибларига енгил автомобиллар совға қилинмоқда. Бу борадаги ишлар юртдошларимиз орасида катта акс садо бериб, жамоатчиликда мутолаа маданияти юксалишига, билимга, илмга интилувчи ёшлар сафи тобора кенгайишига ҳисса қўшмоқда.

Аслида, билимли инсон илмнинг заҳматини, олимнинг қадрини яхши билади. Агар давлат раҳбарининг кейинги йилларда маърифат, таълим ва илм-фанни ривожлантириш йўлида имзолаган қонун, Фармон ва қарорлари, илгари сураётган эзгу ташаббусларининг мағзини тўла чақсак, янги Ўзбекистонда учинчи Ренессансга, маърифат Ренессансига мустаҳкам тамал тоши қўйилаётганини англайсиз.

Китобхонлик болаликдан шаклланади

Атроф-муҳитдаги воқеа-ҳодисалар, жумладан, китоб мазмуни ва барча билимлар инсон мияси орқали қабул қилинади. Мия 35 ёшгача ўсади. Инсон ташқи муҳит ахборотининг 70 — 80 фоизини 5 ёшгача олиб бўлади, тафаккур ва онг ҳам айни шу пайтда шаклланади. Демак, 3-4 ёшга келиб инсон мияси физиологик жиҳатдан ўқишга, ҳарфларни жамлашга тайёр бўлади. Миянинг мана шу физиологик хусусияти ҳисобга олинган ҳолда, дунёнинг аксарият мамлакатларида болалар 5-6 ёшдан, баъзиларида эса 7 ёшдан 1-синфга қабул қилинади.

Организмда нерв ҳужайраларининг тўртдан уч қисми мияда жойлашган. Бу тахминан 28 миллиард асаб ҳужайрасига тўғри келади. Шуниси қизиқки, бош мия ярим шарларидаги нерв ҳужайраларининг бор йўғи 2,5-3 фоизигина ақлий фаолият даврида ишлаб туради. Мана, сизга захирадаги имконият!

Бош мияга қанча юклама берилса, албатта, меъёри билан, унинг қабул қилиш қобилияти шунча ошиб боради. Мия худдики кучли компьютерга ўхшайди. У ҳар хил сигналларни қабул қилади — товуш, ҳид, шакллар, воқеа-ҳодисаларни аниқлайди ва туркумларга ажратиб, эслаб қолади. Миянинг эслаб қолиш қобилияти ҳар қандай компьютер хотирасидан кучли.

Бир мисол. Лондон университетининг математика кафедраси талабаси 28 сонияда 13 рақамли сонни 13 рақамли сонга кўпайтириб, аниқ жавоб айтган. Бундай мисоллар жуда кўп. Зеро, доно халқимиз айтганидек, “Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш кабидир”.

Инсон миясининг чексиз имкониятларини ишга солиш учун эса, аввало, китоб ўқиш керак. Энди англаётгандирсиз, юртимизда китобхонликни тарғиб қилиш, ёшлар ўртасида оммалаштириш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар замирида қандай улкан мақсад-муддаолар ётганлигини?!

Хўш, бу борада қандай йўл тутган маъқул, дерсиз. Яна Америкадан мисол келтираман. АҚШдаги бошланғич мактабларда ўқувчилар ҳар ҳафтада мактаб кутубхонасига бориши шарт. Болалар ўзи хоҳлаган, баъзида ўқитувчиларининг тавсиясига кўра, биттадан учтагача китоб олиш ҳуқуқига эга. Фақат китобларни ўқиб, икки ҳафтадан сўнг топшириши керак. Адабиётларни қайтариш муддати яқинлашгач, ўқувчилар ота-оналарининг электрон почтасига бу ҳақда эслатма юборилади.

Фарзанду набираларимни болалик чоғидан китоб мутолаасига рағбатлантириш баробарида, қайси китобни қачон ўқиш кераклиги, бадиий адабиётлар танлаш борасида ҳам кўмаклашаман. Бунинг самарасини ҳар бир дилбандим мисолида сезганман. Масалан, айни пайтда ота-онаси билан хорижда яшаб, чет эл мактабида таҳсил олаётган набирамга Марсель Брионнинг “Менким, фотиҳ Темур” асарини совға қилдим. Ушбу китобни ўқиб чиққан набирамнинг нафақат дунёқараши, балки юриш-туриши, ҳатто характерида ҳам ўзгариш сезилди.

Дарҳақиқат, китоб — буюк устоз! Зеро, биргина китоб инсон ҳаётини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин. Яъни бахт миллионлаб китоблар ичида руҳингизга мос китобни топа олишда. Шунинг учун болаларнинг айни улғайиш пайтида мутолаага жалб қилинг. Бу унинг шахс сифатида шаклланишида, ҳаётда ўз йўлини топиб, касб-кор танлашида катта таъсир кучига эга бўлади.

Диплом учун эмас, сабоқ учун курашиш керак

“Ўқишдан тўхтаган одам фикрлашдан ҳам тўхтайди”, деган эди донишмандлардан бири. Бугун ушбу ҳикматнинг нечоғли ҳаётий ҳақиқат эканлигини атрофимизда рўй бераётган воқеалар мисолида ҳам кўриб турибмиз. Бироқ кейинги пайтда ёшларнинг китоб ўқиш ва унга муносабати бир қадар пасайганидан кўз юмолмаймиз. Уларда китобдан кўра, ижтимоий тармоқларга, олди-қочди сайтларга муҳаббат нисбатан кучли.

Тўғри, ҳозирги замонамизда исталган янгилигу ахборотни интернет орқали олиш мумкин. Бир қарашда китоб ўқиш учун вақт сарфлашга ҳожат йўқдек. Аслида, ҳеч бир ахборот воситаси, ҳатто кино ёки бошқа кўнгилочар томошалар ҳам бадиий асар ўрнини босолмайди. Масалан, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи асосида ишланган фильм қанчалик муваффақиятли, актёрлар ижро маҳорати кучли бўлмасин, барибир китобга етмайди. Унинг таъсир кучи, жозибаси бошқача.

Китоб ўқувчига маънавий озуқа берибгина қолмай, маърифат улашади, маданиятни шакллантиради, нутқни равонлаштиради, сўз бойлигини оширади, тафаккурини кенгайтиради. Энг яқин ва ишончли дўст бўла олади. Ҳаётнинг оғир лаҳзаларида унга суянишингиз мумкин. У сизни ҳеч қачон сотмайди. Китоб қалбни ёритади, инсоннинг қаддини ростлайди, мустаҳкамлайди, ундаги эзгу ниятларни жонлантиради, ақлни ўткир, юракни енгил қилади.

Шу маънода, бугун яхши диплом учун эмас, яхши билим олиш, китоб ўқиш учун курашадиган вақт келди. Мактаб, лицей, олий ўқув юрти учун эмас, ўзинг учун, ҳаёт учун ўқиш, билим олиш керак. Зеро, билим олиш бахтсизликдан, хурофотдан, биров етаклаган томонга оғиб кетишдан сақланишнинг ягона йўлидир. Маърифатли ва маърифатсиз инсонлар ўртасидаги фарқ худди тириклар ва ўликлар ўртасидаги фарқ кабидир, дейдилар алломаларимиз.

Китобнинг инсон тафаккури қанотларига ўхшатилиши ҳам бежиз эмас. Тафаккури, фикр доираси кенг, маърифатли кишилар жамиятнинг чинакам бойлигидир. Аксинча, ҳаётда рўй бериб турадиган айрим нохушликлар илдизи эса маърифатсизлик, китоб ўқимасликнинг аччиқ меваси саналади. Темирни занг кемирганидек, одамни маънавиятсизлик ва билимсизлик синдиради. Маънавият эса инсонга китоб ўқиш орқали юқади.

Ҳар қандай давлатнинг келажаги маърифатли, ақлли ёшлардир. Бу — исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Шу боис билим эгаллаш, мутолаа қилиш барчамизнинг доимий вазифамизга айланиши керак. Айниқса, мамлакатимиз шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги кунда, шунчаки диплом олиш мақсадида эмас, яхши билим учун курашадиган вақт келди.

Иншо ёзишни тиклаш лозим

Китобхонликни, китоб ўқишни ривожлантиришнинг энг муҳим тадбирларидан бири, бу — иншо ёзиш. Демак, барча олий ўқув юртларида кириш имтиҳонида иншо ёзиш тикланса, айни муддао бўларди. Чунки абитуриент китобхон, саводхон бўлсагина ўз фикрини қоғозга равон ва хатосиз тушира олади. Тан олмай илож йўқ, иншо ёзиш бекор қилингандан кейин, бошқа томонларини қўяверинг, ўз фамилиясини хато билан ёзадиган қатлам ҳам пайдо бўлгани ачинарлидир. Ахир яқин ўтмишимизда биз мактаб битирув имтиҳонларида, олий ва ўрта таълим ўқув юртларига киришда қандай мавзуда иншо ёзганимиз билан фахрланиб юрар эдик-ку?!

Шу ўринда Жанубий Африка Республикасидаги бир университет кираверишида битилган мана бу сўзларни келтирсак. “Ҳар қандай миллатни йўқ қилиш учун атом бомбаси ёки узоқ радиусга таъсир қиладиган ракеталарга ҳожат йўқ. Фақат таълим сифати пасайтирилса ва имтиҳонларда талабаларга алдаш учун имконият яратилса бас. Бундай врачлар қўлига тушган беморлар ўла бошлайди. Бундай иқтисодчилар ва ҳисобчилар қўлидаги пуллар изсиз йўқолади. Бундай диний уламолар туфайли инсонлар маънан ўла бошлайди. Бундай юристлар ва судьялар қўлида адолат йўқлик сари юз тутади... Қонун чиқарувчилар қўлида бошқарув йўқ бўлади. Таълимнинг барбод бўлиши — миллатнинг касодга учрашидир”.

АҚШда ҳам мактаб битирувчилари, албатта, битирув ижодий иншосини ёзишади. Ҳар бир штатда иншо ёзиб, совринли ўринларни олган битирувчиларга мукофотлар берилади, рағбатлантирилади. Масалан, 2017 йили Пенсильвания штатининг Питтсбург шаҳридаги “Shady Side Academy” мактабини аъло баҳоларга битирган ватандошимиз Азизжон Йўлдошевнинг ижодий иншоси мамлакатда совринли ўрин олгани учун “Мартин Лютер Кинг” мукофотига сазовор бўлди. Айнан шу мукофоти туфайли Азизжон Американинг 23 та олий ўқув юртига ҳужжат топшириб, барчасига грант асосида ва йиллик стипендия билан қабул қилинди.

Университетлар Азизжонга йиллик стипендияни 10 мингдан 30 минг долларгача таклиф қилишди. У Вашингтондаги “American University” университетининг бизнес факультетини танлади. Бу университет жамоаси Азизжонни суҳбатдан ўтказиб, талабалар орасида “лидер” (сардор) унвонини беришди. Ўтган йили Азизжон университетни аъло баҳоларга тамомлаб, АҚШнинг энг йирик компанияларидан бирига ишга қабул қилинди. Мана, иншонинг, замонавий билимларнинг кучи!

Таълим-тарбияга бўлган мана шундай ижодий ёндашув туфайли бугун АҚШ дунёнинг энг саводли одамлар мамлакатига айланди. Маълумотларда келтирилишича, аҳолисининг 99 фоизи саводли бўлиб, камида ўқиш ва ёзишни билади. 85 фоизи ўрта маълумотга эга бўлса, 28 фоизи олий маълумотлидир.

Бундай натижанинг сири нима дерсиз? Бунинг асосий омили шундаки, АҚШ таълимида ёлғон йўқ, талабалар эса билимсизликдан уялишади, таълим ва тарбияда мотивация ниҳоятда кучли. Биргина мисол, Ҳарвард университетининг шиори лотинчада “Veritas”, яъни “ҳақиқат” деган маънони англатади.

Тадқиқотлардан маълум бўлишича, бадиий асар ўқиган одам ҳаётда ҳам бошқаларнинг ҳис-туйғуларини яхши тушунар экан. Эмори университети олимлари китоб ўқиган инсоннинг ақлий салоҳияти бир неча ой давомида юқори ҳолатда бўлишини исботлашди. Тадқиқот муаллифлари китоб ўқиш миядаги асаб толалари сонини оширишини таъкидламоқда.

Статистик маълумотларга кўра, умуман китоб ўқимайдиган инсонларнинг 43 фоизи қашшоқликда яшайди. Саводли инсонлар орасида эса қашшоқликда яшайдиганлар 4 фоизни ташкил этади. Ўрганишлар яна шуни тасдиқлаяптики, китоб ўқишни хуш кўрадиган болалар мактабда ҳам аълочи бўлади. Улар грамматикани ҳам, математикани ҳам яхши ўзлаштиради.

Энг ёмони, билимсизлик жиноятдан ҳам хавфли иллат саналади. Италиялик машҳур иқтисодчи-тарихчи Карло Чипполо шундай ёзади: “Билимсизлар жиноятчилардан кўра хавфлидир. Жиноятчиларда мақсад бўлади, тентакларда эса йўқ. Шунинг учун уларнинг ҳаракатларини олдиндан билиш имконсиздир. Улар сизга ҳеч қандай сабабсиз, муддаосиз, режасиз зарар етказади. Энг кутилмаган жойда, энг ноқулай пайтда пайдо бўлади”.

Хўш, бундай иллатга қарши қандай кураш олиб бориш мумкин? Аниқ ва синалган йўллари борми?

Албатта, бор. Бунинг синалган йўли китобхонликдир. Шу боис юртимизда, таъбир жоиз бўлса, ақл “машъала”лари ёқилмоқда. Чунки жамиятда инсоннинг бутун умр илм олиши учун барча шароитни яратиб бериш, маърифатли давлат сиёсатини юритиш, бола онгу шуурига гўдаклигиданоқ зиё олиб кириш ёрдамида ақл “машъала”ларини ёқиш орқали юксак марраларга эришиш мумкин. Бу жуда машаққатли, аммо шарафли йўл, узоқ вақт сарфланадиган вазифа, оғир меҳнат, тараққиёт шарти, замон талабидир.

Кузатаётган бўлсангиз, Ўзбекистонда кейинги йилларда илм-фан, таълим-тарбия соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида ана шу қатъият, интилиш ўз ифодасини топиб боряпти. Бу учинчи Ренессанс қуёши уйғонаётганидан далолатдир.

Хотима ўрнида бир ҳадиси шарифни келтиришни жоиз топдик. Унда шундай дейилади: “Илм ўрганинглар: илм зулматда қуёш, ваҳшатда ҳамроҳ, ёлғизликда йўлдош, бегона юртда сирдош, оғир дамда раҳбар, душманга қарши қуролдир”.

 

Бакриддин ЗАРИПОВ, Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети профессори, Жаҳон физиологлар жамияти (Стокгольм) академиги, Рим университети (Италия) фахрий профессори, академик.