Бир долларлик фирибгар
Пуллар пайдо бўлиши билан одамлар уларни сохталаштиришга ҳаракат қилишган. Қалбаки пул ясовчиларнинг баъзилари биринчи бўлиши туфайли, бошқалари эса фаолиятининг кўлами орқали тарихга кирган. Аммо бир воқеа - ўн йил давомида Америка полицияси учун жумбоқ бўлиб қолган пул ясовчиси иши бошқаларидан ажралиб туради.
1929-1933 йиллардаги Америка Қўшма Штатларида содир бўлган Буюк депрессия кўплаб жиноятлар учун туртки бўлди. Одамлар пулга жуда муҳтож бўлганлиги сабабли ҳар хил найрангларни ўйлаб чиқди: баъзилари пул қалбакилаштира бошлади, бироқ полиция катта миқдордаги бу банкнотлар муомалага киритилишидан олдин уларни тўхтатиб қўйди. Шунга қарамасдан, 1938 йилда Нью-Йоркда учрай бошлаган бир долларлик сохта пуллар ҳуқуқ-тартибот ходимларини жуда ҳайратда қолдирди.
Сохта пуллар ниҳоятда сифатсиз, ёмон қоғозда чоп этилган эди, ҳатто президент Жорж Вашингтоннинг фамилияси хато ёзилган бўлиб президент ўзига ўхшамасди. Бошқа сохта пуллар билан солиштирганда, бу тўғридан-тўғри кимнингдир мазах ўйинига ўхшарди. Полиция ишини қийинлаштирган нарса шу бўлдики, жиноятчи фақат бир долларлик банкнотларни сохталаштирар, сотувчилар майда пулга унча эътибор бермасдан уни олиб қўяр ва харидорларнинг қайси бири бу купюрани берганини эслаб қолмаган бўлиб чиқарди. Иккинчидан, сохта пуллар ҳар бир дўконда фақат бир марта, бир нусхада бериларди. Харитада бу пуллар топилган жойларнинг тобора янги белгилари пайдо бўла бошлади, лекин терговга бунинг фойдаси тегмади. Сирли сохта пул ясовчисига “Жаноб 880” лақаби берилди, полиция унга нисбатан 880-сонли жиноий иш қўзғатди. Жиноятчи эса ўз услубини ўзгартирмади, у ўша жирканч сифатли бир долларлик пулларини яратиб, янги жойларга “экиб” кетаверарди.
Орадан 10 йил ўтди, 880-сонли иш терговчиларни умидсизлик азобига тушириб қўйган эди, лекин 1948 йилда Бродвей ва 96-кўча бурчагидаги бинода содир бўлган ёнғин бу ишнинг очилишига ёрдам берди. Ёнғин пайтида ўт ўчирувчилар хонадон эгаларининг ашёларини деразадан улоқтиришди. Деразалар остида қолган лаш-лушлар қизиқувчан болакайлар эътиборини тортди. Катталар болаларнинг у ерда топилган бир уюм бир долларлик пуллар билан ўйнаб юрганининг гувоҳи бўлишди. Банкноталар полицияга топширилди, у ердагилар “Wahsington” ёзуви туширилган ўша қалбаки долларларни таниб, ҳайрон қолишди. Полиция ёниб кетган хонадонни кўздан кечирганида, уларнинг бирида мустаҳкам шкафда сақланиб қолинган бошқа пуллар топилди. Ёнғингача хонадонда ким яшаганини аниқлаш эса жуда осон бўлди.
Жиноятчи илгари ушбу уйнинг техник ҳолатини назорат қилган собиқ иш бошқарувчи Эмерих Юттнер бўлиб чиқди. Илгари унинг ўзига тўқ оиласи бўларди, 1938 йилда рафиқаси вафот этганидан сўнг, йўқотиш Эмерих учун жуда оғир кечди: у гиёҳванд моддаларни истеъмол қила бошлади, деярли барча пулларини совурди, шундан сўнг унинг ўзи янги пулларни яратишга қарор қилди. Мавзу бўйича ҳар хил адабиётларни ўқиб чиққач, у матбаа ускунасини сотиб олди ва қинғир йўлга тушди.
Юттнер ўта эҳтиёткорлик билан иш тутди: у ўзига керак бўлган миқдорда пул ясаб, озиқ-овқат ва энг керакли нарсаларга сарфлар, ҳеч қачон сотувчиларни бир доллардан ортиқ пулга алдамас эди. Эмерих янги дўконлар топиб, у ерда харидлари учун пулларга фақат битта сохта пулни қўшиб қолдирарди. У сотувчилар панд емаслиги учун ҳафтасига 15 доллардан ортиқ пул соқит қилмас эди.
Қўлга олинганида Юттнер 73 ёшда эди. Кексалиги, бошқа одамларнинг меҳнати ва пулига бўлган ҳурмати туфайли у судьяларнинг илтифотига сазовор бўлди ва унга 1 йилу 1 ой жазо муддати белгиланди. Кейинчалик ёши ҳисобга олиниб, муддат яна 4 ойга қисқартирилди. Озодликка чиққач, Эмерих нафақахўр сифатида тинч ҳаёт кечира бошлаганди, бироқ тақдир унга кутилмаган инъом тақдим этди.
1950 йилда Голливуд махфий хизмати тарихидаги энг узоқ давом этган ишга эътибор қаратишга ва Эмерихнинг ҳаёти ҳақида фильм суратга олишга қарор қилди. “Жаноб 880” деб номланган фильм лойиҳасида қатнашгани учун Эмерих сотилган чипталардан 1 фоиз маблағ олди ва қолган кунларини ташвишсиз ўтказган ҳолда бойиб кетди. Ушбу фильм унга барча қалбакилаштирган банкнотларидан ҳам кўра кўпроқ бойлик келтирди.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.