Бир оилани алдаб келган уч фирибгар аёлнинг қилмиши ошкор этилди

Тошкентда АҚШга жўнатишда ёрдам бераман, деб одамларни чув тушираётган аёллар аниқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ маълум қилди.

Жорий йилнинг июль ойида Мирзо Улуғбек туманида 62 ёшли Наргис С., 46 ёшли Зулфия И. ва 46 ёшли Дилфуза А.лар 34 ёшли Гуландон А.га унинг оиласини АҚШга жўнатишда ёрдам беришларини ваъда қилишган. Бунинг учун аёллар жабрланувчилардан 16.490 АҚШ доллари олганлар. Аммо ваъдаларига хилоф тарзда пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборишган.

Ушбу факт асосида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Тергов давомида аниқланишича, 2018 йилнинг май ойидан жорий йилнинг апрелигача 46 ёшли Зулфия И., 62 ёшли Наргис С. ва 46 ёшли Дилфуза А.лар 37 ёшли Лола А.га ҳам унинг оиласини АҚШга жўнатишни ваъда қилишган. Лола уларга жами 17 420 АҚШ доллари берган. Аммо ваъдаларида турмаган фуқаролар пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборишган.

Айбланувчиларга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) бўйича қўшимча айблов юкланди.

Айни пайтда тергов давом этмоқда.