Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бир қоп ун 145 минг сўм. Бу маҳаллий 1-навли ун учун белгиланган

Болажон халқимизда бошқалардан фарқли ўлароқ нон ва ун маҳсулотларидан бўлган маҳсулотлар кўпроқ истеъмол қилинади. Табиийки, ички бозорда унга бўлган талаб анча юқори ҳисобланади. Балки шунинг учун бу маҳсулотнинг нархи яқин йилларгача давлат томонидан назорат қилиб келинганди.

Бугун эса Россия-Украина ҳарбий ҳаракатлари ортидан бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари қатори ун нархи ҳам юртимизда кескин ўса бошлади. Шу боис, апрель ойи аввалида давлатимиз раҳбари иштирокида айни шу масалада видеоселектор йиғилиш бўлиб ўтди. Нарх-навонинг асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш учун ҳукумат томонидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилгани таъкидланди. Мазкур масалада жойларда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилди.

Маҳсулот ўзимизда борми?

Аслида асосий истеъмол 10 га яқин хусусий ишлаб чиқарувчилар ва Тошкент вилоятидаги йирик корхоналар томонидан қопланади. Албатта, тўлиқ бўлмаса-да, бозордаги катта улушни ташкил этувчи хусусий секторда нарх ошганлиги тўғрисида турли гап-сўзлар юрибди. Тўғри, улар асосий хом ашёни хориж давлатлари, жумладан, Россия ва Қозоғистон давлатларидан келтиради. Бироқ Президентимиз четда келтириладиган ғалла масаласида ҳам етарлича захира яратилганини қайд этганди.

Истеъмол учун импортдан ташқари, ойига давлат захира маҳсулотларидан 14 минг 179 тонна 1-навли ун вилоят ҳудудида тақсимланади. Хусусан, салкам 3 минг тонна (2940 т.) ун қолипли нон учун, 1371,5 тонна қайта ишлаш корхоналари учун биржа савдолари орқали сотилади. Шунингдек, ижтимоий соҳа корхоналари ҳар ойда 110 тонна, савдо корхоналари эса 9757 тонна ун харид қилишади. Муштарийларимизнинг билдиришларича, уннинг бу навида ҳам нарх ошиши кузатилган.

Бу борада телеграм каналимизда сўровнома ўтказилди (https://t.me/zarnews_uz/52557). Унга кўра, ҳудудларда унинг нархи кескин кўтарилиб кетган. Сўровнома иштирокчиларнинг 70 фоизи “Ҳа, анча кўтарилиб кетди”, деб жавоб берган. 14 фоиз иштирокчи бунга қизиқмаганини билдирган, 13 фоизи эса “Ошди, лекин бироз” деган (Сўровнома давом этяпти).

Нарх қанча ошди?

Бу ҳақда масъулларнинг аниқ маълумот олишга ҳаракат қилиб кўрдик. Вилоят монополия бошқармаси мутасаддиларининг билдиришича, улар ун белгиланган график асосида биржа савдоларига чиқарилиши назорат қилади. Бугунги кунда бошқарма мутахассисларида бу турдаги маҳсулот нархини ўрганиш, савдо қоидаларини бузган тадбиркорга нисбатан қонуний чора кўриш ваколати йўқ.

Нарх масаласида ҳам сўровнома иштирокчилари ҳудудлардаги вазият ҳақида айтиб ўтишяпти. Мисол учун, “Самарқандда бир қоп ун 300 мингдан ошган, одамлар олган ойлигига бир қоп ун олиб сувга ботириб ейдими энди”, деган. Бошқа иштирокчиларга кўра, “ Иштихон туманида 1-навли ун 250 минг, Пахтачи туманида 260 минг, Пайариқ туманининг чекка ҳудудларида 265 минг сўм”дан сотилаётган экан.

Мутасаддиларнинг айтишларича, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг 1-навли бир қоп уни 140-145 минг сўмдан сотилиши тавсия этилади.

Умуман, нарх кескин бўлмаса-да ошганини мутасаддилар ҳам тан олишди. Турли бошқарув идораларига бу ҳақда келиб тушаётган мурожаатлар ва республика раҳбариятининг топшириғи билан масалани ўрганиш учун ишчи гуруҳи тузилган.

Маълум қилишларича, ишчи гуруҳи таркибига Монополияга қарши курашиш, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш, давлат солиқ сингари бошқармалардан мутахассислар жалб қилинган.

Воқеалар ривожини кузатамиз.

Ёқубжон Марқаев.