Бир қуёндан 300 минг сўм даромад, бепул таълим, тавсия, кўмак томорқачилик ривожига ҳисса қўшади(ми?)
Вилоятимиздаги 631,4 минг аҳоли тасарруфида 69,6 минг гектар томорқа ер майдонлари бор. 2023 йилда вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг тавсия ва кўмагида ер майдонларида алмашлаб экиш орқали жами 121,9 минг гектар, шундан 57,7 минг гектар баҳорги, 34,8 минг гектарда такрорий ҳамда 29,4 минг гектарда тўқсонбости усулида экинлар экилди.
Рақамлар ўтган йил билан солиштирилганда 10 фоиз ўсишга эришилган. Натижада йил якуни билан аҳоли томорқаларида 2 миллион 263 минг тонна маҳсулот етиштирилди. Шунингдек, вилоят бўйича 75,6 минг аҳоли томорқаларида плёнка остида тўқсонбости ва эртаги экинлар етиштирилиши йўлга қўйилди. Йил давомида уч марта ҳосил олишга имкон берадиган 12,4 минг ихчам иссиқхоналар ташкил этилди.
Вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан “Жомбой кўчатчилик томорқа хизмати” томорқачилик кластерида ташкил этилган 2023 йилги ишлар сарҳисоби ва 2024 йилги режаларга бағишланган пресс-турда шу ҳақда маълумот берилди.
Аслида томорқа хизмати тушунчаси янгилик эмас. Бир неча йил олдин ҳам шундай тузилма ташкил этилиб, аҳоли ва томорқачиларга ёрдамлашиши, ердан унумли фойдаланиш ва даромад олишни йўлга қўйишда кўмак бериши, бандликни таъминлаш кўзда тутилганди. Бироқ тузилманинг ҳуқуқий шакли ва қонуний асоси яратилмагани боис бу хизматлар эътиборсиз қолиб кетди. Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 декабрдаги “Томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан томорқа хизматларини кўрсатувчи кластерларнинг қонуний асоси яратилди. 2022 йил 12 октябрдаги “Сув таъминоти оғир бўлган ҳудудлардаги аҳоли томорқа ерлари ва деҳқон хўжаликларини сув билан кафолатли таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори билан томорқа хизматларига янги вазифалар белгиланди. Қарор билан вилоятимизнинг Ургут, Оқдарё, Пахтачи Булунғур ва Жомбой туманларида томорқа хизмати кластерлари ташкил этилиб, кенгаш қошидаги жамғарма ҳисобидан имтиёзли кредитлар ажратилди.
Биргина “Жомбой кўчатчилик томорқа хизмати” томорқачилик кластерида томорқачилар учун бепул асосда боғдорчилик, иссиқхона, қуён, парранда, қўйчилик, чорвачилик, совуткичли камералар ташкил этиш каби 12 турдаги хизматлар кўрсатилмоқда. Шунингдек, кўчат, уруғлик, минерал ўғит, мини тракторлар етказиб бериш, томорқачиларни ўқитиш, бепул овқат ва ётоқхона билан таъминланган.
Бу ерда юқорида саналганлардан ташқари ем тайёрлаш, сақлаш, бир йилда томорқадан 3-4 марта даромадли ҳосил олиш, суғориш ускуналарини ўрнатиш, умуман олганда, томорқани эрмакдан даромадли тармоққа айлантириш бўйича кўрсатмалар берилади, - дейди вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ўринбосари Зокир Мамадалиев. – Марказда хотин-қизлар, ёшлар, фермерлар, деҳқон хўжаликлари вакиллари режа асосида ҳар бир тумандан келиб бир ой давомида бепул ўқитилади. Эҳтиёжга кўра уруғлик, минерал ўғит, кўчат етказиб берилади ва етиштирилган ҳосилни томорқа хизмати кластери бозор нархида харид қилади. Марказнинг яна бир афзаллиги мини трактор, мини культиватор каби ускуналар ўз нархида шартнома асосида берилади. Дарслар фақат назария билан чекланиб қолмасдан намуна сифатида чорва ҳайвонлари боқиш учун мўлжалланган махсус жойлар, иссиқхона, боғ, совуткичли омборхоналар ташкил этиш бўйича амалий машғулотлар ҳам ўтилади. Яна бу ерда кенгаш қошидаги жамғарма маблағлари ҳисобига Хитойдан мини трактор ва бошқа ускуналар келтирилиб, шартнома асосида савдодаги техникалардан арзон, яъни ўз нархида томорқачиларга етказиб берилмоқда.
Қуёнчилик парҳез гўшт ва териси энг харидоргир маҳсулот ҳисобланади. Қуён 60 кунда вояга етади ва ўртача 10 килограмдан ортиқ гўшт беради. Ҳисоб-китобларга кўра, битта қуён боқиш учун ўртача 130 минг сўм маблағ сарфланади. Агар ўртача битта қуёндан 5-6 килограмм гўшт олинганда ҳам битта қуёндан 300 минг сўм ва териси қолади. Ҳар бир хонадонда қуён боқиш учун етарли катталикдаги битта бўш хона топилади. Ёки 10-12 ҳажмдаги майдонга 80 тонна сиғимга эга совуткичли омборхона қуриш мумкин. Эҳтиёж ва шароитдан келиб чиқиб совуткичли омборхонани 5-10 тонналик қилиб қуриш ҳам мумкин. Бунинг учун қуёш панеллари билан бирга ўртача 55-60 миллион сўм маблағ талаб этилади. Маблағга эҳтиёж бўлса кенгаш қошидаги жамғарма томонидан 3 йил имтиёзли давр билан 7 йилга паст фоизда кредитлар ажратилади.
Кейинги объект ҳеч қандай иссиқлик тизимисиз иситиладиган иссиқхона бўлди. Бу иссиқхона қуёш нури тушиши ва иссиқликни сақлашга мўлжаллаб учбурчакка яқин шаклда қурилган. Кўкатлар, пиёз, сариқсоқпиёз, редиска ва картошка экилган. 10 сотих майдонга декабрда экилган картошка март ойида бозорларга чиқарилади. Икки метр чуқурликдаги яна бир иссиқхонада лимон парваришлаш билан биргаликда кўкат ва кўчатлар тайёрланяпти.
Бу усулда маҳсулот етиштириш учун ҳар бир томорқада имкониятлар бор.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.