“Биринчи рақамлилар майдонда”: Ҳоким ва сектор раҳбарлари ўртасидаги футбол мусобақасига жамоатчилик эътибор қаратмоқда

Эҳтимол, раҳбарлар ўртасидаги бундай мусобақалар илк марта ўтказилаётгани учунми шаҳар, туманлар ҳокимлари ва сектор раҳбарлари иштирокидаги мини футбол мусобақаси ижтимоий тармоқларда ҳам илиқ кутиб олинди. Қолаверса, мазкур мусобақанинг айни пахта мавсумига тўғри келгани, кўп йиллар давомида масъул ташкилотлар раҳбарлари бу вақтда далада бўлгани ҳам назардан четда қолмади.

Хўш, тармоқларда баъзан самимий, гоҳ юмор билан кутиб олинган бу мусобақа қандай ташкил этилди?

Мусобақа вилоят ҳокими томонидан шу йил август ойида тасдиқланган низомга асосан уюштирилган бўлиб,  вилоятда давлат идоралари раҳбар ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини ва спортни кенг тарғиб қилиш, уларнинг ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, иш жараёнида бир-бирларини яқиндан тушунишларини таъминлаш,  спорт ўйинлари орқали барчани соғлом турмуш тарзига тарғиб қилиш каби мақсадлар кўзланган.

Вилоят ҳамда шаҳар, туманлар 5 та сектор раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарларидан иборат жамоалар ўртасида мини-футбол  бўйича  "Вилоят ҳокими кубоги” беллашувлари шу йилнинг 21 сентябрь куни бошланди.

Ушбу мусобақани юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш учун ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасига мувофиқ 4 та ҳудудда (Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари ҳамда Иштихон ва Тайлоқ туманларидаги стадионларда) ўтказиладиган гуруҳ босқичида 17 жамоа иштирок этди.

Қуръа натижаларига кўра,

“А” гуруҳидан Самарқанд вилояти, Самарқанд шаҳри, Оқдарё, Самарқанд ва Булунғур туманлари;

“В” гуруҳидан Каттақўрғон шаҳри, Пахтачи, Каттақўрғон ва Пастдарғом туманлари;

“С” гуруҳидан Тайлоқ, Жомбой, Қўшработ ва Нарпай туманлари;

“D” гуруҳидан Иштихон, Нуробод, Пайариқ ва Ургут туманлари жамоалари ўрин олган.

Мусобақа жадвалига асосан ўйинлар қизғин давом этмоқда. Ярим финал ва финал ўйинларидан лавҳалар тайёрлаш кўзда тутилган. 

Финал учрашувлари 6 октябрь куни Паст Дарғом туманидаги футбол мактаби ўйингоҳида ўтказилади ва ғолиблар эсдалик совғалари билан тақдирланади.