Биринчи синфга қабул муаммоси ҳал бўладими?

Бу муаммо ечимига аниқлик киритилди, низомлар ўзгартирилди, мактаблар ҳудуди қатъий белгиланди, директорлар масъулияти оширилди. Ҳатто мазкур масала халқ депутатлари вилоят Кенгашида ҳам муҳокама этилди. Аммо...

Боласи ёки неварасини нуфузли мактабга жойлаштиришда ёрдам сўровчи илтимосчилар камайган эмас. Қизиғи, уларнинг аксарияти обрўли ёки лавозимли, давлатманд кишилар. Улар пойтахтдаги “катта”ларни ишга солишдан ҳам тортинмаяптилар. Хўш, шунча танқид, талаб ва таъқиқлардан кейин ҳам айримлар нега бундай йўл тутяпти?

- Катта қизим уч йилдан бери Самарқанд шаҳридаги 35-мактабда ўқийди, - дейди тойлоқлик танишим. – Укасини ҳам шу ерга қўймоқчиман, бир-бирини қўллаб юради.

Самарқанд, Паст Дарғом, Оқдарё, Жомбой ва  Тойлоқ туманидан кўплаб ота-оналар ана шу ташвиш билан юрибди. Чунки жорий ўқув йилида мактаб ҳудуди қатъий белгиланган бўлса-да, олдиндан четдан келиб ўқиётганлар бўйича аниқ хулосага келинган эмас.

Соҳа мутасаддилари бу масала эрта ёки индин кўндаланг қўйилишини тан олгилари келмаяпти.

- Олдингилар ҳам қалбаки ҳужжат тўғрилашган, - дейди муаллимлардан бири. – Фарзанди ёки неварасини нуфузли мактаб атрофида яшовчи танишиникига “прописка” қилишган. Ҳозир ҳам бундай ҳужжатларни ўрганиб кўриш зарур. Негаки, фарзандини “бир амаллаб” шаҳар мактабига қўйганлар бу ҳақда давраларда мақтаниб юришибди.

Нима ҳам деймиз: ота-оналарга, димоғи баланд боболарга инсоф, мактаб директорларига сабр берсин...

Фармон Тошев.