Қозоғистонлик меҳмонларни Самарқанд журналистикаси тарихи қизиқтириб қўйди

Қозоғистон Республикасининг академик Е.А.Букетов номидаги Караганда университети журналистика кафедраси профессор-ўқитувчилари Самарқанд вилоят матбуот уйига келди.

Меҳмонлар матбуот уйида оммавий ахборот воситалари ходимлари, ижодкорлар учун яратилган шароитлар билан танишар экан, вилоят журналистикаси тарихи билан қизиқди. Уларга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари таҳририряти бош муҳаррири Фармон Тошев маълумот берди. Маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий бобомиз томонидан ижод мактаби яратилгани ва бу мактаб бугунги кунда ҳам кўплаб ёш ижодкорларни кашф этаётганини таъкидлади. Ф.Тошев 112 йилдан буён чоп этилиб келинаётган газеталар ҳақида ҳам маълумот берар экан, ҳатто газета тарихида ёзилишича, 1920-1940 йилларда қозоғистонлик ижодкорлар ҳам фаолият кўрсатганини, қардош ҳамкасблар билан ижодий ҳамкорлик кенг йўлга қўйилганини айтди.

Меҳмонлар бинодаги вилоят матбуот тарихи музейида ҳам бўлишди. Бу ердаги журналистика соҳасига оид қимматли маълумотлар билан танишди, экспонатларни кўздан кечирди.

Учрашув якунида келгусида ижодий ҳамкорликни янада жонлантириш бўйича келишиб олинди.

Уларга журналистикага оид “Зарафшон” газетаси кутубхонасидан” туркуми остида чоп этилган китоблар совға қилинди.

Ҳусан Элтоев.