Бировнинг ҳасад ва ғазабига қандай муносабатда бўлиш керак?
Япониянинг бир қишлоғида доно кекса самурай яшаган. Бир куни унинг ёнига қўполлиги ва шафқатсизлиги билан танилган ёш жангчи келди. Унинг севимли машғулоти фитна чиқариб, бирор хунук воқеани юзага келтиришга уриниш бўларди: у рақибини ғазабини чиқарар, рақиб эса аччиқланганидан хатога йўл қўйиб, натижада курашда унга ютқазарди.
Ёш жангчи қарияни ҳақорат қила бошлади, унга тош отиб, тупурди ва ёмон сoзлар билан сўкди. Чол эса бамайлихотирлик билан дарсини давом этаверди. Шундан сўнг ўз ғазабидан чарчаган ёш аскар жўнаб қолди.
Шогирдлар чолнинг бу ҳақоратларга чидаганидан ҳайратда бўлиб, ундан сўрашди:
- Нега уни жангга чорламадингиз? Сиз мағлуб бўлиб қолишдан қўрқдингизми?
Қари самурай жавоб берди:
- Агар кимдир сизга совға билан келган бўлса-ю, сиз уни қабул қилиб олмасангиз, совға кимга тегишли бўлади?
- Ўзининг олдинги эгасига, – жавоб берди ўқувчилардан бири.
- Худди шу нарса ҳасад, нафрат ва ҳақорат учун ҳам тегишлидир. Сиз уларни қабул қилиб олмагунингизча, ким олиб келган бўлса, ўзиники бўлиб қолади.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.