Бировнинг соғлиғини хатарга қўйманг
Яқин ўртоғим коронавирусга чалинибди. Тез-тез телефонлашиб, ҳол сўраб турдим. У шу пайтгача вакцина олмаганидан афсусланиб, касалликнинг оғир ўтаётганини айтди.
Орадан тўрт-беш кун ўтиб яна қўнғироқ қилдим. Шовқин овози эшитилди.
- Тўйдаман, дўстим, тўйдаман, кейинроқ гаплашайлик, - деди ўртоғим.
Бир соатлардан кейин ўзи алоқага чиқди.
- Касал бўлсангиз, тўйда нима қиласиз? – дедим жаҳлим чиқиб.
- Тўй қилган киши оғайним бўлади, бормасам хафа бўларди-да, – деди у бамайлихотир.
Унинг гапини эшитиб бадтар жаҳлим чиқди. Кечагина "вой-вой"лаб ётган киши бугун тўйда юрса-я. Балки у ҳали бутунлай соғаймагандир, танасида вирус бордир. Оғайнисининг “кўнглига” қараган дўстим, яна неча кишига бу касалликни юқтирди экан. Ёки бутунлай соғаймаган жисми касалликни қайта юқтириб келса-чи, бундай ҳолат ҳам рўй бериши мумкин-ку.
Афсуски, чекловлар бўлишига қарамай, ҳали-ҳануз тўйларимиз гавжум. Ниқоб тақиш, ижтимоий масофа сақлашга бепарвомиз. Меҳмондорчиликдан, тўй-маъракадан бўшамаяпмиз. Ваҳоланки, касаллик кўпаяётгани, тиббий муассасаларда жой муаммо бўлаётгани ва энг ёмони, ўлим ҳолатлари ҳақида эшитяпмиз, бунга гувоҳ бўляпмиз. Шунга қарамай, бепарволик қилишимиз ўзимизнинг, ўзгаларнинг соғлиғи қадрига етмаслигимиздан бошқа нарса эмас.
Вакцинага муносабатимиз ҳам тушунарсиз. Давлат раҳбари бу дори воситалари минг бир машаққат билан, қанча маблағ эвазига олиб келинаётганини айтиб, аҳолини ундан фойдаланишга даъват этяпти. Тиббиёт ходимлари эмланишнинг аҳамиятини тушунтиряпти. Аммо, бу гапларга эмас, ижтимоий тармоқдаги ёки одамлар ўртасидаги гап-сўзларга ишониб вакцина олишни пайсалга солаётганлар, бунга ҳам эътиборсиз бўлаётганлар бор.
Ўтган йили ҳаммамиз юрагимизни ҳовучлаб ўтирдик. Қачон вакцина келар экан деб, кутдик. Бугун ўша вакцина келди, аҳоли бепул эмланмоқда. Энди яна нимани кутяпмиз, ҳайронман?
Атрофимизда воқеа-ҳодисаларга эътиборли бўлайлик, кўзимизни очайлик. Хотиржамликка берилишимизга асос йўқ. Соғлиғимиз аввало ўзимизга керак!
Ҳусниддин Холодоров.