Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Битирувчи талабалар иш билан таъминланади

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиалида битирувчилар билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси, “Ўзбектелеком” АК Самарқанд филиали, IТ-парк Самарқанд филиали вакиллари ҳамда битирувчи ёшлар иштирок этди.

Учрашувда мутахассислар томонидан вилоят аҳолисига телекоммуникация соҳасида яратилаётган қулайликлар, телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш бўйича бажарилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

“Ўзбектелеком” АК Самарқанд филиали 2021 йилнинг I чорагида вилоятда телекоммуникация хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида 3,6  минг сиғимли замонавий қурилмалар ўрнатиб, умумий сиғимни 296 мингга етказди. Шунингдек, 2 минг километр оптик толали алоқа линиялари қурилиб, умумий узунлиги 10,1 минг километрга етказилди.

Кўрсатилаётган хизматлар ҳажмини кенгайтириш мақсадида телекоммуникация транспорт тармоғининг ўтказувчанлик қобилияти вилоят маркази даражасида 400  Гбит/секунд (4 баробар)га оширилди.

Аҳолига кўрсатилаётган хизматлар ҳажмининг ошиши янги иш ўринларининг кўпайишига сабаб бўлмоқда.  

Тадбирда соҳа мутахассислари битирувчи талабалар билан алоҳида суҳбатлашиб, уларнинг қизиқишлари билан яқиндан танишди ва вазирлик тизимидаги соҳа корхоналарида ишлаш истагини билдирган битирувчиларни рўйхатга олиб, уларнинг ишга жойлашишида амалий ёрдам беришларини билдирди.

ТАТУ Самарқанд филиали ахборот хизмати.