Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ТАТУ Самарқанд филиали SOS оналар учун компьютер саводхонлиги дарслари ташкил этди

Яқинда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали ва SOS Ўзбекистон болалар маҳаллалари уюшмасининг Самарқанд филиали ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳозирда мазкур ҳамкорлик доирасида филиал профессор-ўқитувчилари томонидан SOS оналар учун компьютер саводхонлиги дарслари олиб борилмоқда.

21 сентябрь куни филиал ахборот технологиялари кафедраси ассистентлари Орзумурод Холматов ва Миржалол Файзуллаев SOS оналар учун бошланғич офис тажрибасини шакллантириш, компьютерда матн яратиш бўйича махсус компьютер саводхонлиги дарсларини ўтказди.

Машғулотларда иштирок этганларга Word, Excel, PowerPoint дастурларида ишлаш, ижтимоий тармоқларда мулоқот қилиш кўникмалари ўргатилмоқда. Шунингдек, уларга кун сайин ривожланиб бораётган AКТ соҳаси ҳақида батафсил маълумотлар берилмоқда.

Ўзаро келишув меморандумига кўра, SOS оналар учун бепул 24 соатлик ўқув курси ташкил этилди. Худди шундай компьютер саводхонлиги машғулотлари Самарқанд шаҳар 1-меҳрибонлик уйи ходимлари учун ҳам олиб борилмоқда.

ТAТУ Самарқанд филиали ахборот хизмати.