Битирувчиларнинг бирортаси ОТМга киролмаган мактаблар бор
Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси маълумотига кўра, 2019-2020 ўқув йилида вилоятдаги умумий ўрта таълим мактабларини 53583 нафар ўқувчи битирган.
Уларнинг 2187 нафари касб-ҳунар техникумларига, 46528 нафари олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган.
2020 йил 8 октябрь ҳолатида, битирувчиларнинг 5700 нафари олий таълим муассасалари талабаси бўлган, уларнинг 192 нафари хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга кирган.
Бироқ 2018-2019 ўқув йилида вилоятдаги 356 мактабдан, 2019-2020 ўқув йилида эса 128 мактабдан бирор ўқувчи ОТМга ўқишга киролмаган. Битирувчиси ўқишга киролмаган мактабларнинг аксарияти Ургут, Булунғур, Қўшработ, Паст Дарғом ва Нуробод туманларида.
- Карантин сабаб бу йил битирувчилар билан жиддий шуғуллана олмадик, - дейди Нарпай туманидаги 55-умумий ўрта таълим мактаби директори Феруза Равшанова. – 24 нафар битирувчимиздан бирортаси олий таълим муассасасига ўқишга киролмади. Айни пайтда 3 нафар ўқувчи Қозоғистондаги олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган.