Битта хонадонда яшовчи кўп оилаларнинг ҳар бирига электр энергияси бўйича алоҳида ҳисобрақам очиш режалаштириляпти
«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқарув раиси биринчи ўринбосари Алвар Ғайбуллаевнинг сўзларига кўра, мамлакатда битта хонадонда тўрттагача истиқомат қилаётган оилалар бор.
«Ўзбекистонда битта кадастрга, яъни бир хонадонга битта ҳисобрақам берилади. Бугунги кунда битта кадастр остида яшаётган тўрттагача оилалар ҳам бор. Бундай хонадонда истиқомат қиладиган оилалар бир ойда ҳеч қанақасига 200 кВт. электр энергияси ишлата олмайди, камида 800 кВт.электр ишлатади. Биз бу масала бўйича ҳам ўз таклифларимизни берганмиз, бунинг ҳам ечимини топишимиз керак, ҳал қилинмаса бўлмайди», деди Алвар Ғайбуллаев.
Шунингдек, Алвар Ғайбуллаев бугунги кунда мамлакатда электромобиллар кўпайиши ҳисобига одамлар ўз электромобилини қувватлаш ускуналари учун алоҳида ҳисобрақам очишни сўрамоқда.
Чунки фуқаролар яшаши учун алоҳида, электромобили учун алоҳида электр энергияси ишлатишни хоҳлаяпти. Биз ҳисоб очишда Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида муаммога учраяпмиз. Ўрнатилган битта ҳисоблагич бир нафар истеъмолчида (фидер) битта трансформатордан электр энергиясини олади. Шундай жойлар бўляптики, айримлар электр энергияси йўқлиги учун икки, уч томонлама улаб олмоқда. Лекин унинг ҳисоби биздан (ҲЭТдан) чиқиб кетади. Чунки битта ҳисоблагич, битта трансформатордаги маълумот йиғувчи концентраторга боғланган. Мана шу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун тегишли мутасаддиларга барча таклифларимизни киритганмиз», деди Алвар Ғайбуллаев.