“Биз Самарқандданмиз!”ёхуд ҳамкор, ҳамнафас ва ҳамжиҳат бўлиб

 “Жиззах ҳақиқати” ва “Джизакская правда” газеталари ташкил этилганлигига 50 йил тўлди

 1974 йилнинг боши эди. Нарпай тумани «Пахтакор овози» (ҳозирги «Навқирон Нарпай») газетасида масъул котиб вазифасида ишлаб юрардим. Бир куни устозим – газета муҳаррирининг ўринбосари Ренат Раҳимов янги тузилган Жиззах вилоятида вилоят газетаси ташкил қилинаётганлиги, унга Самарқанддан ижодий ходимлар жалб этилаётгани, ушбу газетада ишлаш учун менинг номзодим ҳам кўрсатилганлигини айтиб қолди. Пировардида, газетанинг бош муҳаррирлигига «Зарафшон» (ўша пайтдаги «Ленин йўли») газетаси муҳаррирининг ўринбосари Ўктам Жавлонов тайинланганлигини таъкидлади.

Орадан кўп ўтмай, Ўктам Жавлонов бошчилигида Абдурашид Абдураҳмонов, Абулфайз Баротов, Сулаймон Ҳусаинов, Жўрақул Баҳромов, Тугалбой Музаффаров, Тоҳир Норқулов, Анвар Жўрабоевдан иборат биз, самарқандлик журналистлар бирин-кетин Жиззах газетасида иш бошладик.

Бизга шаҳар бозори яқинидаги пастқамгина бир эски бинони ажратиб беришди. Ҳомий ва мутасадди ташкилотлар ёрдамида бу иморатни ўзимизга мослаб, таъмирлаб ва жиҳозлаб олдик.

Шундай қилиб, янги газетанинг дастлабки сонлари учун материаллар тайёрлашни бошлаб юбордик. Бунда айниқса, тажрибали журналист, моҳир муҳаррир Ўктам аканинг тажрибаси қўл келди. У ҳар бир ходим билан яккама-якка суҳбат ўтказиб, уларнинг билими, қизиқиш ва қобилиятига қараб, бўлимларга биркитди. Холбўта Худоёров муҳаррир ўринбосари бўлди. Абдурашид Абдураҳмонов масъул котиб, Тугалбой Музаффаров унинг ўринбосари этиб тайинланди. Нурали Қобул ва мени саноат ва қурилиш бўлимига, Султон Пўлатов ва Баҳор Холбековани адабиёт ва санъат, Абдукарим Шарипов ва Сулаймон Ҳусаиновни қишлоқ хўжалиги, Маматқул Эрназаровни пропаганда, Саидмурод Норбоевни партия турмуши, Абдулла Раҳмонқуловни ахборот бўлимига жалб этди.

Дарвоқе, журналист учун борадиган объектнинг мақола қаҳрамонлари, ташкилот, корхона ва муассаса раҳбарлари билан учрашиб, улар билан суҳбатлашишнинг муаммоси йўқ. Негаки, бу унинг вазифаси. Шунинг учун ҳам биз бу борада ҳеч қандай тўсиққа дуч келганимиз йўқ.

Ўктам Жавлонов кўпинча «Газетага берса ҳам, бермаса ҳам бўлаверадиган мақола ёзишга уринманг. Одамлар қизиқиб ўқийдиган, улар кутаётган, халққа фойдаси тегадиган мақолаларни, муаммоларни кўтариб чиқишга ҳаракат қилинг», дея таъкидларди. Шунинг учун ҳам газетанинг ҳар бир сони олдиндан режалаштириб олинарди. Газета чиққандан сўнг эса унда ёритилган материаллар атрофлича муҳокама қилиниб, ютуқ ва камчиликлари шарҳлаб бериларди.

Газетани босиб чиқариш борасида муаммолар кўп эди. Газета туман босмахонасида босилар, деярли барча ишлар қўл кучи билан бажариларди. Дастгоҳлар анча эскириб кетганди. Бунинг устига улар А-2 бичимдаги газетани босишга мўлжалланмаганди. Босмахона ишчиларининг ҳам малакалари кам бўлганлиги туфайли матнларни териш, саҳифалаш, хатоларни тузатиш, газетани босиб чиқаришда қийинчиликлар юзага келарди. Оқибатда газетани тайёрлаш жараёни баъзан икки-уч кунгача чўзилиб кетарди.

Бироқ шунга қарамасдан, газетанинг ҳар бир сонини нафақат газетхонлар, балки биз, ижодий ходимлар ҳам интиқлик билан кутардик.

Вилоят янги ташкил бўлганлиги туфайли бу ерга янгидан ишга келганлар учун тураржой масаласи мураккаб эди. Ўктам ака бунинг ҳам йўлини топди. Унинг саъй-ҳаракати билан бизга Жиззах педагогика билим юртининг талабалар ётоқхонасига жойлаштиришди. Негаки, биз, бир гуруҳ самарқандликлар ва Жиззах вилоятининг марказга узоқ туманларидан келганлар учун вақтинча тураржой жуда зарур эди. Биз бу ерга оилавий кўчиб келмагандик. Қолаверса, ишлаш учун ҳали синовда эдик. Шу тариқа бизнинг янги вилоятдаги мусофирона ҳаётимиз бошланганди.

Ишлар изга тушиб кетгач, журналистлар бирин-кетин оилаларини Жиззахга кўчириб кела бошлади. Шу жумладан, камина ҳам Жиззах ёғ-пишлоқ заводи директори Исом Ғуломовнинг саховати билан корхона маҳсулотларини ташишга мўлжалланган машинасида Нарпайга йўл олдик. Рўзғор анжомларини ортиб, олти ойлик ўғлимиз Анваржонни бешикка белаб, учаламиз Жиззахга кўчиб келдик. Шаҳар марказидан хонадонларнинг биридан ижарага уй топиб, яшай бошладик. Ўғилчамизга қараш учун энага топилгач, турмуш ўртоғим - журналист Ойширин янги ташкил этилган вилоят телерадиокомпаниясига ишга ўтди.

Оила бағрида яшаб, муҳарририятда фаолият кўрсатган журналистларнинг ижодий самарадорлиги янада ошди. Газета ёш бўлса ҳам мазмундорлиги жиҳатидан республика вилоятлари орасидаги нуфузли нашрлардан бирига, навқирон воҳанинг чинакам кўзгусига айланди.

Хизмат юзасидан сафарда бўлганимизда айримлар суҳбат давомида қаерлик эканимизни сўраб қолишарди. «Самарқандликмиз» дердик мағрур. Бу мақтаниш эмас, аксинча, матбуот фидойиси сифатида янги ташкил этилган газетани оёққа турғазишда жиззахлик ҳамкасбларимизга астойдил ёрдам бериш, уларга камарбаста бўлиш учун бу ерга келганимиздан фахрланиш ҳисси эди. Биз жиззахлик ҳамкасбларимиз билан ҳамкору ҳамнафас эдик.

Ўша воқеаларни эсласам, «Жиззах ҳақиқати» ва «Джизакская правда» газеталарининг дастлабки сони чиққанига 50 йил тўлган кунларда ушбу газетани мураккаб вазиятда оммага етказишда, уни ўқишли ва сермазмун қилиб чиқариш учун баъзи тунлари ҳатто уйқудан кечиб, куч-ғайратларини, билим ва қобилиятларини аямаган фидокор ва ҳозиржавоб ҳамкасбларимизни қўмсайман. Афсуски, уларнинг кўпчилиги бугун орамизда йўқ. Бироқ уларнинг ёрқин сатрлар битилган ахборот, мақола, лавҳа, репортаж ва очерклари газета саҳифаларига муҳрланиб қолган.

Айни пайтда «Жиззах ҳақиқати» ва «Джизакская правда» газеталари янада яшнаётган ва ёшараётган воҳанинг чинакам кўзгусига айланганлиги, уларда бугунги кунда ҳам матбуотимизнинг билимдон ва фидокор инсонлари хизмат қилаётганлиги матбуот фахрийси сифатида мени бениҳоя қувонтиради.

Ризо Худойқулов,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.