Бизга фақат бино берилган. Ҳовлида одамларга қулайлик яратолмаймиз

Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси ахборот хизматининг хатини ўқиб шундай хулоса қилиш мумкин.
Унда жумладан, шундай дейилади:
"Бугун zarnews.uz расмий веб-сайтида “Самарқанд шаҳар давлат хизматлари маркази олдидаги автотураргоҳ нима мақсадда қурилган?” сарлавҳали хабар эълон қилинди.
Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси шуни маълум қиладики, Самарқанд шаҳар давлат хизматлари маркази олдидаги автотураргоҳ марказга қарашли эмас. Мазкур автотураргоҳ тадбиркорга қарашли бўлиб, марказ жойлашган бинодаги хонадонларга кўчиб келувчи аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига мўлжалланган.
Бугунги кунда марказ раҳбарияти тадбиркор билан мазкур автотураргоҳни фуқаролар учун ҳам маълум шартлар асосида хизмат кўрсатишини йўлга қўйиш борасида музокара олиб бормоқда.
Бундан ташқари, Самарқанд шаҳар давлат хизматлари марказига келувчи фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида ушбу кўп қаватли бинонинг орқа томонида алоҳида автотураргоҳ ташкил этиш кўзда тутилган. Бироқ ҳудудда жойлашган хонадонларни “снос” қилиш масаласи ортга сурилаётгани боис автотураргоҳни қуриш ишлари ҳам кечикмоқда.
Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси ушбу ноқулайлик учун фуқаролардан узр сўрайди."
P/s: Муносабат-мақолани ўқирканмиз, яна бир қатор саволлар туғилди. Хўш, тадбиркор билан қурилиш бўйича шартлашилаётган "стоянка" эътиборга олинганми?
Олинган бўлса, нега тадбиркорга берилган? Кўп қаватли уй қуриш учун текин берилган ер майдони етарли эмасми?
Умуман, муайян биноларни қуриш даврида аҳолига, бу ерга ташриф буюрувчиларга қулайлик яратиш ҳақида қачон ўйлаб кўрилади?
Мутасаддилар тайинли жавоб беради, деган умиддамиз.